Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

Инсон нима учун яшайди?

17.02.2025   6737   2 min.
Инсон нима учун яшайди?

Шайх Юсуф Қаразовий бундай ёзади:

"Инсон фақат еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, сўнгра эса ўлиб кетиш учун яратилмаган. Қуръонда айтилишича, баъзи одамлар ҳайвонлар каби ҳаёт кечиришади: «Улар баҳра оладилар ва ҳайвонлар каби ейдилар» (Муҳаммад, 12). Аммо инсон олий мақсад учун яратилгандир.

Аҳмоқ ейиш учун яшайди, оқил эса яшаш учун ейди, дейилади. Лекин бу ерда яна бир савол туғилади: оқил нима учун яшайди?

Яшашнинг ўзи мақсад эмас, балки у орқали инсон қандайдир олий мақсадга эришиши керак. Материалистлар бу саволга тўлақонли жавоб бера олмайдилар. Имон келтирганлар эса шундай дейдилар: инсон Яратганни таниш, Унга ибодат қилиш учун яшайди.

Агар аҳмоқ ейиш учун яшаса, оқил яшаш учун ейди, мўмин эса, Аллоҳга ибодат қилиш учун яшайди.

Қуръон бу ҳақиқатни аниқ ва равшан баён қилади: «Мен жин ва инсларни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим. Мен улардан ризқ истамайман ва уларнинг Мени озиқлантиришларини ҳам истамайман. Албатта, Аллоҳ ризқ берувчидир, куч-қувват эгасидир» (Зориёт, 56-58).

Бутун коинот — осмонлару ерлар, ҳамма нарса фақат битта сабаб учун яратилган: инсон Яратганни таниши учун. Бу таниш — ҳар қандай ҳидоятнинг калити ва барча яхшиликларнинг очқичидир.

Аллоҳ таоло бундай дейди: «Аллоҳ етти осмонни ва уларга ўхшаш ерни яратди. Уларнинг орасида фармон тушади, шундайки, сизлар Аллоҳнинг ҳар нарсага қодир эканлигини ва Унинг ҳамма нарсани илми билан ўраб олганини билиб оласизлар»" (Талоқ, 12).

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

12.08.2026   33471   3 min.
Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.

Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.

Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.

Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».

Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.

Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари