Шайх Юсуф Қаразовий бундай ёзади:
"Инсон фақат еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, сўнгра эса ўлиб кетиш учун яратилмаган. Қуръонда айтилишича, баъзи одамлар ҳайвонлар каби ҳаёт кечиришади: «Улар баҳра оладилар ва ҳайвонлар каби ейдилар» (Муҳаммад, 12). Аммо инсон олий мақсад учун яратилгандир.
Яшашнинг ўзи мақсад эмас, балки у орқали инсон қандайдир олий мақсадга эришиши керак. Материалистлар бу саволга тўлақонли жавоб бера олмайдилар. Имон келтирганлар эса шундай дейдилар: инсон Яратганни таниш, Унга ибодат қилиш учун яшайди.
Қуръон бу ҳақиқатни аниқ ва равшан баён қилади: «Мен жин ва инсларни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим. Мен улардан ризқ истамайман ва уларнинг Мени озиқлантиришларини ҳам истамайман. Албатта, Аллоҳ ризқ берувчидир, куч-қувват эгасидир» (Зориёт, 56-58).
Бутун коинот — осмонлару ерлар, ҳамма нарса фақат битта сабаб учун яратилган: инсон Яратганни таниши учун. Бу таниш — ҳар қандай ҳидоятнинг калити ва барча яхшиликларнинг очқичидир.
Аллоҳ таоло бундай дейди: «Аллоҳ етти осмонни ва уларга ўхшаш ерни яратди. Уларнинг орасида фармон тушади, шундайки, сизлар Аллоҳнинг ҳар нарсага қодир эканлигини ва Унинг ҳамма нарсани илми билан ўраб олганини билиб оласизлар»" (Талоқ, 12).
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига қувонч улашишга қаратилган саховат тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов тадбирда иштирок этиб, болажонларга самимий тилаклар билдирди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти филиали кўмагида 35 нафар боланинг ҳар бирига велосипед ва турли совғалар берилди. Шунингдек, тадбирда саховатпеша ҳомийлар томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, болажонлар учун кўнгилочар ва байрамона дастур ташкил этилди.
Бундай хайрли ташаббуслар юртимизда инсон қадри, оила ва болалар манфаатларига юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Саховат тадбири болажонларга унутилмас қувонч бағишлаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати