Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Август, 2026   |   29 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:59
Қуёш
05:29
Пешин
12:28
Аср
17:23
Шом
19:31
Хуфтон
20:58
Bismillah
12 Август, 2026, 29 Сафар, 1448

Эринчоқлик+ишёқмаслик=фақирлик

19.02.2025   7424   2 min.
Эринчоқлик+ишёқмаслик=фақирлик

Эринчоқлик, ялқовлик кишини яхши ишлар қилишдан қайтаради, ғайрат-шижоатини йўқотади, касб-кор билан шуғулланишдан қолдиради. Баъзи дангаса кишилар ғайрат қилиш ва ҳаракатни кучайтириш ўрнига оғир кунга тушиб қолганда қўлни қовуштириб, айбни тақдирга тўнкайди. Уйқудаги кишининг уйғоқ одамдан хабари бўлмайди. Дангасалик, танбаллик иллатлари қайси инсон ва халқда илдиз отса, уларнинг тараққиётига болта уради. Бора-бора улар фақир ва боқиманда бўлиб қоладилар. Умрини дангасалик билан ўтказган одамга ҳеч қачон муваффақият ёр бўлмайди.

Бўлса танбаллик кишининг пешаси,
Теккай
оёғина хорлик тешаси!

Фаридуддин Аттор

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: Эринчоқлик ва ишёқмаслик бир-бири билан турмуш қурди, натижада уларнинг ўртасида фақирлик туғилди”.

Қайси кишида ожизлик, ношудлик ва дангасалик мужассам бўлса, у фақирликка юз тутади. Дангасалик ва ожизлик уруғини ерга қадаган одам алалоқибат қашшоқлик ҳосилини йиғиб олади. Инсон ҳар бир сониясидан тўғри фойдаланмоғи керак. Вақтни бекор ўтказиш аҳмоқликдир. Дангасалик, ишёқмаслик барча кулфатларнинг бошидир. Аслида камбағаллик айб эмас. Аммо у ялқовлик сабабидан келган бўлса, катта айбдир.

Уламоларимиз: “Учтa нaрсaнинг дaвoси йўқ. Биринчиси, ҳaрoм aрaлaшгaн кaсaллик. Иккинчиси, ҳaсaд aрaлaшгaн aдoвaт. Учинчиси, танбаллик aрaлaшгaн кaмбaғaллик”, дейишaди.

Доно одам ялқов кишилар билан улфат бўлмаслиги керак. Ҳакимлар айтадиларки, ялқовлар билан улфат бўлишдан қочиш зарур. Чунки улардан маслаҳат сўралса, улар ўзларининг ялқовлик нуқтаи назаридан маслаҳат берадилар. Улар бўладиган ишни ҳам ўзларининг қувват ва идроки тақозоси билан бўлмайдиганга чиқарадилар.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: Нафсингни фойдали нарсалар билан машғул қил, акс ҳолда уни зарарли нарсалар эгаллаб олади”, деб бежиз айтмаганлар.

Дангасалик, танбаллик ва бекорчиликка берилган нафс инсонни турли васвасаларга солиб, ҳар хил ёмон йўлларга бошлайди.

Умар розияллоҳу анҳу: Мен одамнинг на дунё иши, на охират иши билан машғул бўлмасдан, бекорчи бўлиб юришини ёмон кўраман”, деган.


“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   9428   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар