Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Октябр, 2026   |   9 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:21
Қуёш
06:40
Пешин
12:08
Аср
15:52
Шом
17:39
Хуфтон
18:54
Bismillah
20 Октябр, 2026, 9 Жумадул аввал, 1448

Қуръон ёдлашнинг энг осон йўли

19.02.2025   11641   2 min.
Қуръон ёдлашнинг энг осон йўли

Мен Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мени улардан Қуръони каримни ўрганишга муваффақ қилган жуда кўп машойихларимиздан Қуръонни ёд олишнинг энг афзал йўли ҳақида сўраб чиқдим. Мадинадаги қорилар устози шайх Иброҳим Ахдор, шайх Муҳаммад Аҳмад, шайх Бакр Таробиши раҳимаҳуллоҳ, шайх Родвон ҳафизаҳуллоҳ каби кибор уламолардан сўрадим. Одатда, биз бу ҳақида кўпчиликдан сўраймиз. Аммо умрининг 60-70 йилини Қуръонни тиловат қилиш ва уни ўргатишга бағишлаган  ва бутун ҳаёти Қуръони карим таълимига сарфланган устозлардан Қуръонни ёдлашнинг энг афзал усулини сўраганимизда, улар бир овоздан маъқуллаб айтишадики, “Қуръонни ҳифз қилишнинг энг яхши йўли - Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиш: “Қуръонга ўзингизни бағишланг!” (Уни мунтазам ўқинг). Оддий. Бу борада кўп баҳслашамизу, аммо охир-оқибат Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг тавсияларига қайтамиз: “Қуръонни мунтазам ўқинг!” Оз-оздан Қуръондан ўқишни кунлик одат қилиб олишингиз керак. “Амалларнинг энг яхшиси — оз ва бардавом бўлганидир”.

Яъни, биламизки, еб-ичишдан бутунлай воз кечолмайсиз, аммо оз-оздан бўлса ҳам қилишингиз керак. Таомланиш ва ичиш каби кунлик қиладиган одатларингиз ичига Қуръондан оз миқдорда тиловатни ҳам қўшишингиз керак. Ва вақт ўтгани сари бу оз миқдор кўпайиб боради ва шу билан сиз Қуръонни, шубҳасиз, ёд оласиз. Аллоҳ сизни Қуръонни ёд олишга муваффақ қилиши даражасига етмагунингизча, тунлари саждада дуо қилишингиз лозим: “Ё Аллоҳ, Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўксимнинг нури қилгин. Менга нафсимни енгишимда мадад бер!”.

Қуръон аҳллари бу — Аллоҳнинг хос бандалари бўлиб, улар У зотга энг яқин бўлганлардир. Аллоҳ бандалари орасидан Қуръон аҳлларидан бўлишга лойиқларини танлайди. Аллоҳ қалбингиздаги Қуръон аҳлларидан бири бўлишга бўлган кучли истагингизни кўриши керак. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизни Қуръонни ҳифз қилишга муваффақ этишини сўраб, бу амални ўзингизга кунлик одат қилиб олсангиз, Ўзининг изни ила сизни Каломини ҳифз қилиш билан мукофотлайди. 

Шайх Ёсир Дусарий

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тил ҳам Аллоҳнинг оят-аломатларидан

20.10.2026   4515   2 min.
Тил ҳам Аллоҳнинг оят-аломатларидан

Ҳар йили 21 октябрь куни юртимизда она тилимизнинг байрами катта шодиёна билан нишонланади. Бу сана биз учун нафақат миллий ўзликни англаш, балки Парвардигоримиз томонидан инъом этилган улуғ неъмат, сўзлаш иқтидори ҳақида тафаккур қилишга чорлов фурсатидир.

Аллоҳ таоло Рум сурасининг 22-оятида: "Осмонлар ва ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят-аломатларидандир", деб марҳамат қилади. Ушбу илоҳий ҳикматдан кўринадики, инсонларнинг турли тилларда сўзлашиши ва ҳар бир халқнинг ўз она тилига эга бўлиши Яратганнинг инсониятга берган бебаҳо бойлигидир.

Асрлар давомида Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб алломаларимиз ўзбек тили ривожига беқиёс ҳисса қўшганлар. Хусусан, Алишер Навоий ҳазратлари ўз асарлари орқали туркий тилнинг нақадар бой ва балоғатли эканини исботлаб, унда илоҳий ишқ, гўзал ахлоқ ва маърифатни бетакрор тарзда тараннум этганлар.

Қолаверса, она тилимизда битилган ё ўзбекчага ўгирилган минглаб диний-маърифий, ахлоқий манбалар халқимизнинг иймон-эътиқодини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

Динимиз сўзга ўта масъулиятли бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки сукут сақласин", деб огоҳлантирганлар.

Она тилимизни асраб-авайлаш фақатгина унинг луғат бойлигини сақлаш эмас, балки тилни беадаб сўзлардан, ғийбат ва ёлғондан пок тутиш, ундан хайрли ва маърифий ишларда фойдаланиш билан бўлади.

Демак, бизнинг она тилимиз ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати. Бу омонатни асраш, уни келажак авлодга соф ва гўзал ҳолда етказиш, фарзандларимизга она тилимизда эзгулик ва покликни ўргатиш инсоний бурчимиздир. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, она тилимизни ҳамиша бой ва жарангдор айласин!
 

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

Кун мавзуси