Пайғамбарларнинг вазифаси Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини инсонларга етказиш, сўзида ва амалида баён қилиб беришдир. Қуръони каримда барча пайғамбарлар ушбу масъулиятли вазифани мукаммал бажарганликлари таъкидланган.
Пайғамбарлар қаторида Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зулматларни ёритувчи нур мисол умматни мунаввар манзиллар сари етакладилар. Аллоҳ таоло бундай мараҳамат қилади:
وَدَاعِيا ً إِلَى اللَّهِ بِإِذنِهِ وَسِرَاجًا مُّنِيرا
“Аллоҳнинг изни билан У зотга (Унинг динига) даъват қилувчи ва (ҳақ йўлни кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз”(“Аҳзоб” сураси, 46-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал ўрнак, инсонларга тўғри йўлни кўрсатувчи эканликлари ушбу оятда баён қилиняпти. Шу сабабдан саҳобалар у зотнинг ҳаётларини диққат билан кузатиб, ўзлари учун ўрнак қилиб олишган ва келажак авлодларга катта ғайрат билан етказишган.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўрнак олиш ҳар бир мусулмон учун энг олий вазифа ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَانَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ
“Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар”(“Ҳашр” сураси, 7-оят).
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қиёматга қадар барча инсонлар ўрнак олишини таъкидлаган. У зот алайҳиссалом ҳам сўзда, ҳам амалда баён қилган асос ва қоидалар бутун инсонлар учун йўл кўрсатувчидир. Шундай вазиятлар бўлганки, у зотдан душманлари ва озор берган шахсларни лаънатлаш, уларга азоб келиши учун дуо қилишларини сўраганлар. Лекин шундай оғир вазиятда ҳам: “Мен лаънатловчи эмас, балки раҳмат пайғамбари қилиб юборилдим”, – деб жавоб беришлари фикримизнинг далилидир.
У зотнинг ахлоқлари тўғрисида Оиша онамиздан сўралганда: “У зотнинг хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб бердилар. Оиша онамизнинг берган жавобларидан Қуръоннинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсуниш энг чиройли ахлоқ эканини яна бир бор англаймиз. Имом Нававий: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон рози бўлган ишдан рози, Қуръон норози бўлган ишдан норози бўлар эдилар”, деганлар. Булардан аён бўладики, мусулмон киши оят ва ҳадислардаги буйруқларга бўйсунган вақт Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ўзларига ўрнак қилиб олган бўлади.
Ҳақиқатда, Расулуллоҳ алайҳиссалом арзимас сабаблар туфайли бир-бирини ҳалок қиладиган, ахлоқсизликнинг юқори чўққисига чиққан қавмдан Саодат асри дея эътироф этилган жамиятни тарбияладилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу ютуққа эришишларида буюк ахлоқлари, ҳаёт йўлларининг таъсири бор, албатта.
Бундан келиб чиқадики, гўзал хулқнинг инсон ҳаётида тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, Ислом дини моҳиятини бошқаларга намоён этишнинг энг яхши йўли гўзал ахлоқдир!
Ҳошим домла Аманов,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси