Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

Энг гўзал намуна

19.02.2025   12773   3 min.
Энг гўзал намуна

Пайғамбарларнинг вазифаси Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини инсонларга етказиш, сўзида ва амалида баён қилиб беришдир. Қуръони каримда  барча пайғамбарлар ушбу масъулиятли вазифани мукаммал бажарганликлари таъкидланган.

Пайғамбарлар қаторида Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зулматларни ёритувчи нур мисол умматни мунаввар манзиллар сари етакладилар. Аллоҳ таоло бундай мараҳамат қилади:

وَدَاعِيا ً إِلَى اللَّهِ بِإِذنِهِ وَسِرَاجًا مُّنِيرا


“Аллоҳнинг изни билан У зотга (Унинг динига) даъват қилувчи ва (ҳақ йўлни кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз”(“Аҳзоб” сураси, 46-оят).


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал ўрнак, инсонларга тўғри йўлни кўрсатувчи эканликлари ушбу оятда баён қилиняпти. Шу сабабдан саҳобалар у зотнинг ҳаётларини диққат билан кузатиб, ўзлари учун ўрнак қилиб олишган ва келажак авлодларга катта ғайрат билан етказишган.


Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўрнак олиш ҳар бир мусулмон учун энг олий вазифа ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَانَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ 

“Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар”(“Ҳашр” сураси, 7-оят).


Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қиёматга қадар барча инсонлар ўрнак олишини таъкидлаган.  У зот алайҳиссалом ҳам сўзда, ҳам амалда баён қилган асос ва қоидалар бутун инсонлар учун йўл кўрсатувчидир. Шундай вазиятлар бўлганки, у зотдан душманлари ва озор берган шахсларни лаънатлаш, уларга азоб келиши учун дуо қилишларини сўраганлар. Лекин шундай оғир вазиятда ҳам: “Мен лаънатловчи эмас, балки раҳмат пайғамбари қилиб юборилдим”, – деб жавоб беришлари фикримизнинг далилидир.


У зотнинг ахлоқлари тўғрисида Оиша онамиздан сўралганда: “У зотнинг хулқлари  Қуръон эди”, деб жавоб бердилар. Оиша онамизнинг берган жавобларидан Қуръоннинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсуниш энг чиройли ахлоқ эканини яна бир бор англаймиз. Имом Нававий: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон рози бўлган ишдан рози, Қуръон норози бўлган ишдан норози бўлар эдилар”, деганлар. Булардан аён бўладики, мусулмон киши оят ва ҳадислардаги буйруқларга бўйсунган вақт Пайғамбаримиз алайҳиссаломни  ўзларига ўрнак қилиб олган бўлади.


Ҳақиқатда, Расулуллоҳ алайҳиссалом арзимас сабаблар туфайли бир-бирини ҳалок қиладиган, ахлоқсизликнинг юқори чўққисига чиққан қавмдан Саодат асри дея эътироф этилган жамиятни тарбияладилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу ютуққа эришишларида буюк ахлоқлари, ҳаёт йўлларининг таъсири бор, албатта.


Бундан келиб чиқадики, гўзал хулқнинг инсон ҳаётида тутган ўрни беқиёсдир. Зеро, Ислом дини моҳиятини бошқаларга намоён этишнинг энг яхши йўли гўзал ахлоқдир!


Ҳошим домла Аманов,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси  

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Озарбайжонда муфтийлар анжумани бошланди

14.09.2026   22755   1 min.
Озарбайжонда муфтийлар анжумани бошланди

Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.

Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:

– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;

– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;

– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.

Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Анжуман давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари