Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда.
“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида ўтказилган 69 минг 138 та тадбир доирасида жорий йилнинг шу даврига қадар 422 минг 565 нафардан ошиқ юртдошимиз қамраб олинди.
Улар билан тинчлик қадри, шукроналик, ёшлар тарбияси, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш, оила масъулияти, низоларнинг олдини олиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар бериб борилмоқда.
Ушбу хайрли ишларга диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар жалб этилган бўлиб, улар маҳаллаларда амалий ишларда кўнгилли равишда иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2026-2027 ўқув йилининг 1-сонли Кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни институт ректори, Кенгаш раиси Уйғун Ғафуров бошқарди.
Мажлисда муассасанинг янги ўқув йилидаги фаолиятига оид қуйидаги муҳим масалалар кўриб чиқилди ва тасдиқланди:
Институт Кенгаши, таркибий бўлимлар ва кафедраларнинг 2026-2027 ўқув йилига мўлжалланган йиллик режалари ҳамда ўтган ўқув йилидаги буйруқлар ва мурожаатлар ижроси таҳлил қилинди.
Битирув малакавий ишлари мавзулари тасдиқланиб, илмий раҳбарлар бириктирилди; фан ойликлари, тўгараклар ташкил этиш ҳамда янги ўқув қўлланмаларини нашрга тавсия этиш масалалари ҳал этилди.
Талабалар турар жойи тўловлари, ички тартиб-қоидалар ва профессор-ўқитувчилар навбатчилиги тасдиқланди.
Таълим тизимида илк бор “Фахрий доктор”, “Фахрий профессор”, “Фахрий доцент”, “Фахрий устоз” ва “Фахрий талаба” мақомларини таъсис этиш, тегишли низом ҳамда кўкрак нишонлари эскизлари маъқулланди.
Институтнинг 55 йиллик юбилейини кенг нишонлаш режаси, муассасани халқаро аккредитациядан ўтказиш тайёргарлиги ҳамда 2030 йилгача бўлган ривожланиш стратегияси кўриб чиқилди.
Йиғилиш сўнггида кун тартибидаги барча йўналишлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати