Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنْ أَبِيهِ، فِي قَوْلِ اللهِ تَعَالَى: ﮋﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﮊ، قَالَ: لَا تَمْتَنِعْ مِنْ شَيْءٍ أَرَادَاهُ.
Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади:
«Аллоҳ таолонинг «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат», деган қавли ҳақида: «Иккови ирода қилган бирор нарсадан бош тортма», деди».
Шарҳ: Яъни ота-онанг сендан хоҳлаган ҳеч бир нарсадан бош тортмагин. Нимани хоҳласалар, «Хўп», деб қилиб бергин. Фақат бу ерда олдинги қоида, яъни Аллоҳга маъсият иш бўлмаслиги шарт қилинади.
Аллоҳ таолонинг Исро сурасидаги «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат» (24-оят) деган қавлидан мана шу маъно келиб чиқар экан.
Фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши. У ўз раҳматини хокисорлик ила ота-онасига пастлатиб, пояндоз қилса ҳам оз. Шу билан бирга, доимо уларга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат тилаб дуо қилиб туриши лозим.
Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, мусулмонлар ҳаётидаги тажрибалар дунё тарихида бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар эканлиги маълум ва машҳурдир.
عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ قَالَ: قَالَ لِي أَبِي: هَلْ تَدْرِي مَا قَوْلُهُ: ﮋﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘﮊ؟ أَنْ لَا تَمْتَنِعَ مِنْ شَيْءٍ أَرَادَاهُ.
Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилинади:
«Отам менга: «У Зот таолонинг «Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат» деган қавли нима эканини биласанми? «Икковлари ирода қилган бирор нарсадан бош тортма», деди».
Шарҳ: Бу ривоят ҳам ўзидан олдинги ривоятга жуда ўхшаш бўлишига қарамай, биз ундан аввалгисида йўқ маънони чиқариб оламиз. Бу ривоятда насиҳатни ота ўз боласига қилмоқда. Ҳа, оталар болаларини тарбия қилишда Қуръони Карим оятларини англатишлари, ота-онани ҳурматлаш ҳақида ўгитлар беришлари олдин ўтган азизларимизнинг тутган йўллари бўлган. Биз бу борада ҳам улардан ўрнак олишимиз лозим.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws