«Эй иймон келтирганлар, сизни Аллоҳ ва расули сизга жон бахш этадиган нарсага чақирганда жавоб беринглар ва билингларки, Аллоҳ киши ва қалби орасини тўсиб қўяди ва Унга ҳисоб бериш учун тўпланарсизлар. Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина тушмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билингки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Анфол сураси, 24–25-оятлар).
Оятдаги “жавоб беринг”дан мурод итоат қилинглардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу уйи эшигига бориб, уни чақирдилар. У намоз ўқиётган эди. Намозини тез тугатиб, у зотнинг олдиларига чиқди. Набий алайҳиссалом ундан: “Нега жавоб бермадинг?” дея сўрадилар. Убай ибн Каъб: “Намоз ўқиётган эдим”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ ва Расули сизга жон бахш этган нарсага чақирганида жавоб беринглар” ояти нозил бўлганидан хабаринг йўқ эдими?” дедилар. Убай ибн Каъб: “Энди чақирсангиз, албатта, жавоб бераман”, деди».
Мазкур ҳадис шарҳида бир неча фикрлар айтилган. Улардан бири бундай: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убай ибн Каъбни кечиктириб бўлмайдиган иш учун чақирган эдилар. Бундай ҳолатда намоз ўқиётган киши намозини бузиб, жавоб бериши керак”.
“Жон бахш этадиган нарса” – шаръий илм. Жаҳолат ўлимдир. Бир ўринда: “Динингизни жонлантиради ва сизларга ўргатади”, дейилган. Яна бошқа ўринда: “Қалбларингизга ҳаёт беради ва сизларни бирлаштиради”, дейилади. Оятдаги “жон бахш этиш” ибораси мажозий маънодадир. Чунки бу ерда куфр ва жаҳолат ўлимидан сақланиш назарда тутилмоқда. Мужоҳид ва жумҳур уламолар айтадилар: “Тоатга ҳамда Қуръон ўзида жамлаган буйруқ ва қайтариқларга жавоб беринглар. Чунки Қуръонда абадий ҳаёт ва абадий неъматлар бор”.
Бир ўринда яна бундай келади: «“Сизга ҳаёт берадиган...”, яъни абадий ҳаёт учун жидду жаҳд қилишга жавоб беринг.
“Ва билингларки, Аллоҳ киши ва қалби орасини тўсиб қўяди”. Яъни, уни вафот эттиради. Кишида қалбини иллатлардан тозалаб, уни соғлом қилиши учун фурсат қолмайди. Шунинг учун ўлмасдан бурун фурсатни қўлдан бой бермасдан қалбларингизни ислоҳ қилинг. Уни Аллоҳ ва Расули амр этган тоатларга бўйсунадиган қилинг.
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло киши билан ақлини ажратиб қўяди. Ҳатто киши нима қилишини билолмай қолади. “Албатта, бунда қалби борларга эслатма бордир” (Қоф сураси, 37-) оятидаги “қалб”дан мурод ақлдир», деган. Бир ўринда яна бундай дейилади: “Киши ва қалби орасини ўлим билан ажратиб қўяди. Шу сабаб киши йўқотганларини қайта қўлга киритишининг имкони йўқ”. Бошқа бир ўринда бундай келади: “Бадр куни мусулмонлар душманнинг кўплигидан қўрқишди. Аллоҳ таоло уларга банда билан унинг қалбини ажратиб қўйишини, улардаги қўрқувни хотиржамлик, душманлардаги ишончни қўрқувга алмаштириб қўйишини билдирди”. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло бандалари қалбларининг Хожаси экани, истаса, улар билан қалблари орасини ажратиб қўйишини, шунингдек, инсон бирор нарсага фақат Парвардигорнинг иродаси билан эриша олишини хабар қилмоқда”, деган.
“Ва Унга ҳисоб бериш учун тўпланарсизлар”. Шунда қалбларингизни бузуқ эътиқодлардан тозалиги ва қилган тоатларингизни холислигига кўра ажр ё жазо оласизлар.
“Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина тушмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билингки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир”. “Фитна” сўзидан мурод азобдир. Яъни, сизларга азоб (бало) тушса, фақат золимларгагина (гуноҳкорларгагина) тушмайди. Балки ҳаммангизга бирдай тушади. Аллоҳнинг азоби жуда қаттиқдир.
“Саҳиҳи Муслим”да бундай келади: «Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Ё Расулуллоҳ, орамизда солиҳлар бўлса-да, ҳалок (балога дучор) бўламизми?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Ҳа, агар ёмонлик (ахлоқсизлик) кўпайиб кетса”, дедилар».
Имом Бухорий ва Имом Термизий раҳимаҳумуллоҳ Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Аллоҳ ҳудудида қоим банда билан мазкур ҳудудларни бузувчи кимсанинг мисоли бир кемага бўлиниб жойлашган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг тепа қисмидан, баъзиларига эса пастки қисмидан жой тегди. Пастда жойлашганлар сув ичмоқчи бўлсалар, тепадагиларга мурожаат қилишарди. Кейин улар шундай дейишди: “Ўзимиз учун шу ердан бир тешик очиб олсак, тепадагиларни ҳам қийнаб ўтирмасдик”. Агар тепадагилар уларни ўз билганларига ташлаб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади. Агар пастдагиларнинг қўлидан тутиб қолишса, ўзлари ҳам, улар ҳам омон қолишади». Ушбу ҳадисда шахсий (бир одамнинг) гуноҳи учун омма азобланиши, яна амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк қилганлик учун бутун жамият уқубатга дучор бўлишига далил бор.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бирор-бир қавмга азоб юборса, азоб уларнинг барчаларига етади. Сўнгра амалларига кўра қайта тириладилар”, деб огоҳлантирдилар» (Имом Бухорий ривояти). Ҳадис бундай ҳалокатнинг умумий бўлишига, фақат мўминларни покловчи ва фақат фосиқларни жазоловчи бўлмаслигига далолат қилади.
Имом Бухорий номидаги
Тошкент ислом институти
ўқитувчиси Фарҳод ЖЎРАЕВ
тайёрлади.
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати