Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Қалбнинг Хожаси – Аллоҳ таоло

13.03.2024   4000   6 min.
Қалбнинг Хожаси –  Аллоҳ таоло
 

«Эй иймон келтирганлар, сизни Аллоҳ ва расули сизга жон бахш этадиган нарсага чақирганда жавоб беринглар ва билингларки, Аллоҳ киши ва қалби орасини тўсиб қўяди ва Унга ҳисоб бериш учун тўпланарсизлар. Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина тушмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билингки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Анфол сураси, 24–25-оятлар).

Оятдаги “жавоб беринг”дан мурод итоат қилинглардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «На­бий алайҳиссалом Убай ибн Каъб ро­зияллоҳу анҳу уйи эшигига бориб, уни чақирдилар. У намоз ўқиётган эди. Намозини тез тугатиб, у зотнинг олдиларига чиқди. Набий алайҳиссалом ундан: “Нега жавоб бермадинг?” дея сўрадилар. Убай ибн Каъб: “Намоз ўқиётган эдим”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ ва Расули сизга жон бахш этган нарсага чақирганида жавоб беринглар” ояти нозил бўл­ганидан хабаринг йўқ эдими?” дедилар. Убай ибн Каъб: “Энди чақирсангиз, албатта, жавоб бераман”, деди». 

Мазкур ҳадис шарҳида бир неча фикрлар айтилган. Улардан бири бундай: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Убай ибн Каъбни кечиктириб бўлмайдиган иш учун чақирган эдилар. Бундай ҳолатда намоз ўқиётган киши намозини бузиб, жавоб бериши керак”.

“Жон бахш этадиган нарса” – шаръий илм. Жаҳолат ўлимдир. Бир ўринда: “Динингизни жонлантиради ва сизларга ўргатади”, дейилган. Яна бошқа ўринда: “Қалбларингизга ҳаёт беради ва сизларни бирлаштиради”, дейилади. Оятдаги “жон бахш этиш” ибораси мажозий маънодадир. Чунки бу ерда куфр ва жаҳолат ўлимидан сақ­ланиш назарда тутилмоқда. Мужоҳид ва жумҳур уламолар айтадилар: “Тоатга ҳамда Қуръон ўзида жамлаган буйруқ ва қайтариқларга жавоб беринглар. Чунки Қуръонда абадий ҳаёт ва абадий неъматлар бор”.

Бир ўринда яна бундай келади: «“Сизга ҳаёт берадиган...”яъни абадий ҳаёт учун жидду жаҳд қилишга жавоб беринг.

“Ва билингларки, Аллоҳ киши ва қалби орасини тўсиб қўяди”. Яъни, уни вафот эттиради. Кишида қалбини иллатлардан тозалаб, уни соғлом қилиши учун фурсат қолмайди. Шунинг учун ўлмас­дан бурун фурсатни қўлдан бой бермас­дан қалбларингизни ислоҳ қилинг. Уни Аллоҳ ва Расули амр этган тоатларга бўй­сунадиган қилинг.

Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло киши билан ақлини ажратиб қўяди. Ҳатто киши нима қилишини билолмай қолади. “Албатта, бунда қалби борларга эслатма бордир” (Қоф сураси, 37-) оятидаги “қалб”дан мурод ақлдир», деган. Бир ўринда яна бундай дейилади: “Киши ва қалби орасини ўлим билан ажратиб қўяди. Шу сабаб киши йўқотганларини қайта қўлга киритишининг имкони йўқ”. Бошқа бир ўринда бундай келади: “Бадр куни мусулмонлар душманнинг кўплигидан қўрқишди. Аллоҳ таоло уларга банда билан унинг қалбини ажратиб қўйишини, улардаги қўрқувни хотиржамлик, душманлардаги ишончни қўрқувга алмаштириб қўйишини билдирди”. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло бандалари қалбларининг Хожаси экани, истаса, улар билан қалблари орасини ажратиб қўйишини, шунингдек, инсон бирор нарсага фақат Парвардигорнинг иродаси билан эриша олишини хабар қилмоқда”, деган.

“Ва Унга ҳисоб бериш учун тўпланар­сизлар”. Шунда қалбларингизни бузуқ эътиқодлардан тозалиги ва қилган тоатларингизни холислигига кўра ажр ё жазо оласизлар.

“Ва сизлардан фақат зулм қилган­ларнинг ўзигагина тушмайдиган фит­­надан сақланинг. Ва билингки, Аллоҳ­нинг азоби қаттиқдир”. “Фит­на” сўзидан мурод азобдир. Яъни, сизларга азоб (бало) тушса, фақат золимларга­гина (гуноҳкорларгагина) тушмайди. Бал­ки ҳаммангизга бирдай тушади. Аллоҳ­нинг азоби жуда қаттиқдир.

“Саҳиҳи Муслим”да бундай келади: «Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Пай­ғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Ё Ра­сулуллоҳ, орамизда солиҳлар бўлса-да, ҳалок (балога дучор) бўламизми?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Ҳа, агар ёмонлик (ахлоқсизлик) кўпайиб кетса”, дедилар».

Имом Бухорий ва Имом Термизий раҳимаҳумуллоҳ Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Аллоҳ ҳудудида қоим банда билан мазкур ҳудудларни бузувчи кимсанинг мисоли бир кемага бўлиниб жойлашган қавмга ўхшайди. Уларнинг баъзиларига кеманинг тепа қисмидан, баъзиларига эса пастки қисмидан жой тегди. Пастда жойлашганлар сув ичмоқчи бўлсалар, тепадагиларга мурожаат қилишарди. Кейин улар шундай де­йишди: “Ўзимиз учун шу ердан бир тешик очиб олсак, тепадагиларни ҳам қийнаб ўтирмасдик”. Агар тепадагилар уларни ўз билганларига ташлаб қўйишса, барчалари ҳалок бўлишади. Агар пастдагиларнинг қўлидан тутиб қолишса, ўзлари ҳам, улар ҳам омон қолишади». Ушбу ҳадисда шахсий (бир одамнинг) гуноҳи учун омма азобланиши, яна амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк қилганлик учун бутун жамият уқубатга дучор бўлишига далил бор.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бирор-бир қавмга азоб юборса, азоб уларнинг барчаларига етади. Сўнгра амалларига кўра қайта тириладилар”деб огоҳлантирдилар» (Имом Бухорий ривояти). Ҳадис бундай ҳалокатнинг умумий бўлишига, фақат мўминларни покловчи ва фақат фосиқларни жазоловчи бўлмаслигига далолат қилади.

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

ўқитувчиси Фарҳод ЖЎРАЕВ

тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   36635   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари