Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Ҳанафий ва моликий мазҳаблари имом жума хутбасини ўқиётган вақтида масжидга кирган киши таҳийятул-масжид намозини ўқиши макруҳ деб биладилар. Ҳолбуки, бу намозни ўқиш ҳақида ҳадис келган. Бунинг сабаби нима?
Бироз мулоҳаза юритиб, шундай хулосага келдим: Жума хутбаси ҳижратдан кейин шариатга кирган. Мусулмонлар ўн йил давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида жума намозини ўқиганлар, яъни бу даврда тахминан 500 та хутба айтилган. Лекин улар қаерда? Нега муҳаддислар бу хутбаларни ёзиб қолдирмаган? Улар фақат саноқлигина хутбаларни қайд этган!
Ҳақиқат шундаки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида Қуръон тиловат қилар эдилар. У зот минбарда турганларида Аллоҳнинг китобини ўқиш билан банд бўлардилар, шунинг учун барча кишилар сукут сақлаб, диққат билан эшитишлари керак эди. Ҳеч ким ўша пайтда бошқа нарса билан, жумладан, намоз ёки қироат билан машғул бўлолмас эди. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Қачон Қуръон ўқилса, уни диққат билан эшитинг ва жим туринг, шоядки раҳм қилинсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят)”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло Қуръони Карим Бақара сурасида бундай марҳамат қилади:
«Иймон келтириб яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, "илгари тотиб кўрган нарсамиз-ку", дейиша-ди. Зеро, уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берила-ди. Ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар» (25-оят).
Ҳаким Термизий «Наводирул усул»да келтиради:
Абу Масъуд Ғифорий айтди: «Аллоҳ таоло: «Чодирларда асралган ҳурлар», дея сифатлагани яхлит дурдан ўйиб ишланган чодирлардаги ҳурлардир. Улардан ҳар бирининг етмиш хил зийнати бор, у зийнатларнинг биридаги ранг бошқасида такрорланмайди. Уларга етмиш хил ҳид берилади, бир ҳид бошқасида такрорланмайди. Уларда ҳар бир аёл учун дур ва ёқутдан ўйилган етмишта сўри бўлади. Ҳар бир сўрида етмишта тўшак, ҳар бир тўшакда болишлар бор. Ҳар бир аёлга етмиш минг қиз ва бола хизмат қилади, уларнинг қўлида турли хил таомлар солинган олтин ликопчалар бор. Таомларнинг лаззати ҳам бир-бириникидан ўзгача. Унинг жуфтига ҳам шунинг мисли берилади. Қизил ёқутдан бўлган сўри устида ёқутдан ишлов берилган иккита билакузук бор. Бу неъматлар Рамазон ойида тутилган рўзанинг ҳар бир куни учундир».