Пойтахтимизнинг Учтепа туманида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков иштирокида "Жаҳолатга қарши маърифат" шиори остида аҳоли вакиллари, ёшлар ва хотин-қизлар иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тумандаги 229-мактабнинг фаоллар залида ўтказилган ушбу учрашувда неъматлар шукри ила зиёда бўлиши, илм олишнинг қанчалик муҳимлиги тўғрисида сўз борди.
Маъруза давомида фарзандларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш, соғлом эътиқодли қилиб тарбиялашда ҳар бир ота-онанинг вазифалари ҳақида айтиб ўтилди.
Саволларга атрофлича жавоблар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.