Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Сизда заррача бўлса ҳам кибр борми?

28.02.2025   14408   3 min.
Сизда заррача бўлса ҳам кибр борми?

Кўпчиликдан: “Сиз мутакаббирмисиз?” – дея сўрасангиз, улар дарҳол: “Йўқ”, деб жавоб берадилар. Шундай бўлса-да, сизга бир нечта саволлар билан мурожаат қиламиз. Агарда сиз саволимизга “Ҳа” деб жавоб берсангиз, сизда махфий кибр мавжуддир. Устоз Аҳмад Шуқайрий “Ëшлик хотиралари” китобида бир қанча саволларни зикр қилган, сиз бу саволларга очиқ-ойдин жавоб беринг:

– Бирор киши тарафидан танқидга дуч келсангиз, аччиқланасизми ёки ўзингизни ноқулай ҳис қиласизми, ё бўлмаса тезлик билан бирорта чора топиб, уни ўзингиздан йироқ қилиш пайига тушасизми?

– Агар бирор кишининг гапи сизга ёқмаса, унинг гапини бўласизми?

– Сиз ўзингиздан юқорироқ мансабда бўлган кишининг қаршисида турганингизда безовталик ёки хавфсираш сезасизми?

– Одамларнинг олдида ўз фикрингизни билдириш олдидан сизда “менинг фикримни қабул қилмасалар-чи?” деган қўрқув пайдо бўладими?

– Қулоқ солишингиздан кўра гапиришингиз кўпми?

– Бошлиғингизга бўлган муомалангиз билан ўзингиздан қуйи мартабадаги кишилар орасида бўладиган муомалангиз ўртасида фарқ борми? Сиз одамларга бир хилда эмас, аксинча, уларнинг мансабидан келиб чиқиб муомала қиласизми?

– Бирор йиғинда кимдир сиз билан тортишиб қолса, бу шахсий ишингиз эканини рўкач қиласизми?

– Одамлар сизни қўллаб-қувватламаса ва сизнинг қарашларингизга қўшилмаса, асабингиз таранглашиб, аччиғингиз чиқадими?

– Мақтов сўзларни эшитишга ишқибозмисиз ва одамлар сизни мақташлари учун бор куч-ғайратингизни сарфлайсизми?

– Ўзингизни бошқалар билан солиштириб турасизми? Ўзингиздан қуйироқ кишилар билан бирга бўлганингизда яйраб кетасизми? Гапи сиздан ўткирроқ киши билан муомала қилганингизда асабийлик ҳолатини ҳис қиласизми?

– Азиз китобхон! Сиз ҳам ушбу имтиҳондан йиқилганлар сафида бўлсангиз, ҳеч ажабланманг. Чунки кўпчилик бу имтиҳондан йиқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Қалбида заррача кибри бор киши жаннатга кирмайди”[1] деган ҳадиси шарифлари айни ҳақиқатдир. Шу ўринда муҳим бир савол туғилади: қандай қилиб тавозели бўламиз? Бу саволга қисқача: юқоридаги саволларни тескарисига ўгирсак тавозели бўлмоқликка эришамиз, дея жавоб бериш мумкин.

Одамларнинг гапларини бўлманг, аксинча, жим туриб уларга қулоқ солинг.

Кўпроқ эшитинг ва камроқ гапиринг.

Одамларни табақаларга ажратиб муомала қилманг.

Одамлардан мақтов эшитиш учун эмас, Аллоҳнинг ризоси учун амал қилинг.

Борди-ю, Аллоҳнинг олдидаги тавозеингиз бандалар олдида амалий тавозега айланмаса, билингки сизнинг тавозеингизда камчилик бор.

Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Муслим ривояти.

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди

14.09.2026   22344   1 min.
Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди

Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
 

Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.


Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!


Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин! 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди Имом домла халқаро танлов ғолиби бўлди
Ўзбекистон янгиликлари