28 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Сурхондарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларида фаолият юритаётган туман ва шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида видеомулоқот йиғилиши бўлиб ўтди.
Муфтий ҳазратлари кириб келаётган қутлуғ Рамазон ойи билан барчани муборакбод этиб, бу ойни муносиб кутиб олиш, юқори савияда ўтказиш бўйича бир қатор муҳим вазифа ва топшириқларга тўхталиб ўтдилар.
Йиғилишда ташкилий масалалар ҳам кўрилди. Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилиб, Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилди. Термиз шаҳри бош имоми ва “Мангузар” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган Расулжон домла Абдуллаев Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби вазифасига тайинланди.
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Олтинтепа” масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаб келаётган Аҳмадхон қори Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби этиб тайинланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили вазифасини вақтинчалик бажариб келган Ёқубжон домла Мансуров бош имом-хатиб ўринбосари ва Самарқанд тумани “Хўжа Аҳрори Валий” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларида қолдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакили Жасурбек домла Раупов ҳам ўз ихтиёри билан лавозимидан озод этилиб, Зангиота туманидаги “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилди. Тошкент тумани бош имоми ва мазкур тумандаги “Ҳасанбой ота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган Дониёр домла Икромов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимига тайинланди.
Аллоҳ таолодан янги тайинланган бош имом-хатибларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятига муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати