Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2026   |   23 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:19
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2026, 23 Ражаб, 1447
Мақолалар

Ўзбекистон халқига табрик

01.03.2025   15870   2 min.
Ўзбекистон халқига табрик

Қадрли ватандошлар!

Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар ва бутун халқимизни эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда мана шундай мунаввар ойни эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.

Ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларимиз муқаддас ислом динининг одамийлик моҳиятига уйғун бўлган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.

Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими самарасини юксалтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, кекса ва ёрдамга муҳтож инсонларни, ёшлар ва хотин-қизларни, чет эллардаги фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаш лозим.

Бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қиламиз.

Ер юзидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, дўст ва ҳамкорларимизни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.

Азиз ватандошлар!

Рамазони шарифни оила ва яқинлар даврасида катта хурсандчилик билан кутиб олаётган сиз муҳтарам юртдошларимни яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ушбу муқаддас ойда қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амалларни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул этсин!

Халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқсин!

Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шайх Юсуфхон тўра Шокиров: Илм ва маърифат фидойиси

12.01.2026   400   3 min.
Шайх Юсуфхон тўра Шокиров: Илм ва маърифат фидойиси

Шайх Юсуфхон тўра Шокиров нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё мусулмонлари маънавий ҳаётида, ислом дини ривожи йўлида ўзига хос из қолдирган йирик олим ва забардаст мударрисдир.

 

Таваллуди ва ёшлик йиллари

Юсуфхон тўра Шокиров 1926 йили Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида зиёли оилада дунёга келди. Унинг ёшлик йиллари инсоният тарихидаги энг оғир даврлардан бири — Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Урушнинг сўнгги паллаларида ва ундан кейинги тикланиш даврида жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб ишлади. Бироқ оиладаги илмий муҳит ва отаси, таниқли диний арбоб Олимхон тўрадан олган бошланғич сабоқлари унинг қалбида илмга бўлган кучли иштиёқни уйғотди.

 

Илм олиш йўлида

Юсуфхон тўранинг билим олиш мақсадида босиб ўтган йўли — Бухородан Қоҳирагача, мадрасадан университетгача бўлган сафари юксак ирода ва матонат намунасидир.

- 1948–1955 йиллар: Бухородаги машҳур Мир Араб мадрасасида таҳсил олди;

- 1955–1961 йиллар: Миср Араб Республикасидаги дунёга машҳур Ал-Азҳар университетида ўқиб, замонавий ва ислом илмларини эгаллади;

-  1962–1967 йиллар: Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Шарқ филологияси факультетида таҳсил олиб, илмий салоҳиятини кенгайтирди;

-  1975 йил: Москва шаҳрида Араб филологияси йўналишида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик илмий текшириш институтида тадқиқот олиб борди.

 

Кўп қиррали фаолият

Шайх Юсуфхон тўра Шокиров ўз фаолияти давомида дин-маърифий соҳа ва таълимида самарали меҳнат қилди:

-  Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг илк ректори (1971-1972) сифатида диний кадрлар тайёрлашга бошчилик қилди.

-  1975 йилдан бошлаб 20 йилдан зиёд вақт давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсиддинхон Бобохонов каби муфтийлар билан бирга ишлаб, раис ўрибосари лавозимида фаолият юритди.

-  Шунингдек, Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент ислом институтида араб адабиёти, тафсир, ҳадис ва балоғат фанларидан талабаларга сабоқ берди.

 

Илмий ишлари

-  4 жилдли "Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати" китобининг "Хазойинул маъоний" асари. – Тошкент: "Фан", 1983.;

-  "Қиссаи Рабғузий" китобидаги оят ва ҳадисларнинг ўзбек тилидаги тадқиқи. – Тошкент, 1992.;

-  "Ислом – иймон, эътиқод ва ҳаёт тарзи". – Тошкент, 1993.;

-  "Ал-Азҳар – минг йил давомидаги араб филологияси маркази" монография, – Москва, 1975.

 

Шогирдлар эҳтиромидаги сиймо

Шайх Юсуфхон тўра Шокиров 2000 йилнинг 28 сентябрида 74 ёшда Тошкент шаҳрида вафот этди. Жаноза намозини муфтий Абдурашид қори Баҳромов ўқиган. “Минор” қабристонига дафн этилган.

2026 йилнинг январь ойида улуғ олим таваллудининг 100 йиллик юбилейи кенг нишонланади. Бу сана нафақат бир инсон хотирасига эҳтиром, балки мураккаб даврларда ҳам ислом динининг софлигини сақлаб қолган ва халқимизга зиё улашган бутун бир авлод хизматларини эътироф этишдир. Юсуфхон тўра каби фидойи зотларнинг ҳаёт йўли бугунги ёш авлод учун илмга интилиш ва ватанпарварликнинг юксак намунаси ҳисобланади.

Мақолалар