Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар ва бутун халқимизни эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда мана шундай мунаввар ойни эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларимиз муқаддас ислом динининг одамийлик моҳиятига уйғун бўлган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими самарасини юксалтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, кекса ва ёрдамга муҳтож инсонларни, ёшлар ва хотин-қизларни, чет эллардаги фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаш лозим.
Бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қиламиз.
Ер юзидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, дўст ва ҳамкорларимизни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.
Азиз ватандошлар!
Рамазони шарифни оила ва яқинлар даврасида катта хурсандчилик билан кутиб олаётган сиз муҳтарам юртдошларимни яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ушбу муқаддас ойда қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амалларни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул этсин!
Халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқсин!
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, унинг ислом илмлари ривожидаги беқиёс ўрнини халқаро миқёсда кенг ёритишга бағишланган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз ишини давом эттирмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Комилов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ва диний идоралар вакиллари табрик сўзлари билан иштирок этдилар.
Шунингдек, Макка шаҳридаги “Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд, ICESCO Бош директори Салим ал-Малик, Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари, Ислом фиқҳи академияси Бош котиби Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ Зайд, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошшозода ҳам анжуман иштирокчиларини қутладилар. Марокаш Қироллиги Вақф ва ислом ишлари вазири Аҳмад Тавфиқ эса иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.
Форум доирасида “Имом Бухорий камолотига таъсир кўрсатган географик, ижтимоий ва оилавий муҳит” мавзусида илмий маърузалар тингланди. Унда Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Туркия, Ливия ва Жазоирдан ташриф буюрган олим ва тадқиқотчилар Имом Бухорий шахсиятининг шаклланишида Бухоро ва Самарқанд илмий муҳити, оилавий тарбия, устоз-шогирд анъаналари, ҳадис илмининг ривожланиш жараёни ҳамда IX аср Мовароуннаҳр маънавий-маърифий ҳаётининг аҳамияти ҳақида маърузалар қилдилар.
Маърузаларда Имом Бухорий меросининг нафақат ислом илмлари тараққиётидаги ўрни, балки бугунги кунда илм-маърифат, бағрикенглик ва маънавий юксалишни тарғиб этишдаги аҳамияти ҳам кенг таҳлил этилди.
Самарқандда давом этаётган ушбу нуфузли анжуман Имом Бухорий меросини халқаро илмий майдонда янада кенг тарғиб этиш, ислом илмлари бўйича тадқиқотларни ривожлантириш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёш тадқиқотчилар учун янги илмий мулоқот майдонларини яратишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати