Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар ва бутун халқимизни эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда мана шундай мунаввар ойни эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларимиз муқаддас ислом динининг одамийлик моҳиятига уйғун бўлган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими самарасини юксалтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, кекса ва ёрдамга муҳтож инсонларни, ёшлар ва хотин-қизларни, чет эллардаги фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаш лозим.
Бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қиламиз.
Ер юзидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, дўст ва ҳамкорларимизни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.
Азиз ватандошлар!
Рамазони шарифни оила ва яқинлар даврасида катта хурсандчилик билан кутиб олаётган сиз муҳтарам юртдошларимни яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ушбу муқаддас ойда қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амалларни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул этсин!
Халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқсин!
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Саудия Арабистонининг нуфузли “Watan” газетасида “Китобларда ўқиганларимизни Ўзбекистонда ҳақиқатда бошдан кечирамиз” сарлавҳали кенг мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Араб дунёси ўқувчилари эътиборига тақдим этилган ушбу материалда Ўзбекистоннинг бой ислом цивилизацияси ва маданий мероси Марказий Осиё тарихи ҳамда замонавий тараққиётида тутган ўрни атрофлича ёритилган.
Мақола муаллифи таъкидлаганидек, глобаллашув ва рақамли технологиялар асрида ҳақиқий ҳайрат ва ноёбликни ҳис қилиш мураккаблашиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистонга қилинган ташриф инсонга тарихий манбаларда ўқилган билимларни айнан ҳаётда, кўз олдида қайта кашф этиш имконини беради.
“Ўзбекистонда сиз шунчаки тарихий билимларни ёдга олмайсиз, балки мозий ва келажак ўртасидаги хаёлий вақт машинасида яшайсиз. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарларда китобларда ўқилган номлар — Мовароуннаҳр, Шош, Фарғона водийси, Жайҳун ва Сайҳун каби географик тушунчалар муҳташам меъморий обидалар ва тирик маданият кўринишида намоён бўлади”, — деб ёзади муаллиф.
Нашрда Тошкентда Ислом таълими, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ўтказилган анжуманга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Унда ҳазрати Усмон Мусҳафининг Ислом цивилизацияси марказида сақланаётгани, шунингдек, Самарқанддаги Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуалари, Регистон ва Шоҳи Зинда обидалари, Ҳазрати Қусам ибн Аббос мақбараси ва Амир Темур мақбарасининг бетакрор меъморий гўзаллиги юқори баҳоланган.
Муаллиф, шунингдек, Бухорода туғилиб, бутун ислом дунёсига довруғ солган Имом ал-Бухорий, математика ва астрономия асосчиси Муҳаммад ал-Хоразмий, Имом ат-Термизий каби буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини алоҳида эътироф этган. Фарғона водийси шаҳарлари — Андижон, Наманган, Марғилон ва Қўқоннинг тарихий аҳамияти ҳамда уларнинг Араб ярим ороли ва ислом дунёси билан кўп асрлик маданий-илмий алоқалари кўрсатиб ўтилган.
Мақола якунида Ўзбекистонда ёш авлоднинг, хусусан, университет талабалари ва волонтёрларнинг араб тилини мукаммал эгаллаб, замон билан ҳамнафас ҳолда ўз миллий ва исломий мероси билан фахрланиб яшаётгани, меҳмонларни “Хуш келибсиз, Имом Бухорийнинг меҳмонлари!” дея самимий кутиб олишлари Саудия Арабистони делегациясида алоҳида ва чуқур таассурот қолдиргани таъкидланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати