Қадрли ватандошлар!
Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар ва бутун халқимизни эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда мана шундай мунаввар ойни эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларимиз муқаддас ислом динининг одамийлик моҳиятига уйғун бўлган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.
Жумладан, ижтимоий ҳимоя тизими самарасини юксалтириш, беморлар, ногиронлиги бўлган, кекса ва ёрдамга муҳтож инсонларни, ёшлар ва хотин-қизларни, чет эллардаги фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни обод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаш лозим.
Бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш, юртимиздаги тинч ва фаровон ҳаётни, миллатлар ва динлараро ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Пок ниятлар ижобат бўладиган ушбу қутлуғ ойда жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш-жанжаллар, низо ва адоватлар барҳам топиб, бутун дунёда тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик барқарор бўлишини чин дилдан сўраб, дуолар қиламиз.
Ер юзидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, дўст ва ҳамкорларимизни Рамазон ойининг бошланиши билан самимий қутлаб, уларнинг мамлакатлари ва халқларига осойишталик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.
Азиз ватандошлар!
Рамазони шарифни оила ва яқинлар даврасида катта хурсандчилик билан кутиб олаётган сиз муҳтарам юртдошларимни яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ушбу муқаддас ойда қилинадиган ибодат ва дуолар, эҳсон ва амалларни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул этсин!
Халқимизнинг эзгу орзу-интилишлари рўёбга чиқсин!
Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистон халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш орқали ўзининг бой маънавий меросини жаҳон илмий ҳамжамияти билан боғлаш йўлида дадил ҳаракат қилмоқда.
Ана шу жараённинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўмон Султонлигида фаолият юритувчи «Orabi International Group» ташкилоти раҳбари, таниқли тадқиқотчи ва жамоат арбоби доктор Муҳаммад Закария Оробий иштирокида Марказ кутубхонасига 1000 та ноёб китобни топшириш маросими бўлиб ўтди, хабар бермоқда iccu.uz.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Маросимда Марказ директори ўринбосари Гулнора Ғаниева сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илм-фанни ривожлантириш, маданий меросни асраш, қўлёзмаларни ўрганиш ва жаҳоннинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб манбаларни Ўзбекистонга жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Президент ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат музей ёки кутубхона, балки ислом цивилизацияси тарихи, манбашунослик ва шарқшунослик бўйича халқаро илмий мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
«Ўмон Султонлигидан тақдим этилган мазкур китоблар нафақат кутубхона фондини бойитади. Улар ислом цивилизацияси тарихи, ислом ҳуқуқи, тафсир, ҳадис, ақида, араб тили ва бошқа йўналишларда фундаментал тадқиқотларни кенгайтириш учун мустаҳкам манба вазифасини бажаради. Бу эса янги авлод олимларини тайёрлашга ҳам хизмат қилади», — деди Гулнора Ғаниева.
Доктор Муҳаммад Закария Оробий ушбу китоблар тақдимотини икки мамлакат ўртасидаги маданий ва илмий ҳамкорликнинг рамзий воқеаси сифатида баҳолади.
«Бу шунчаки китоблар эмас. Бу илмга бўлган ҳурмат, маърифатга садоқат ва халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайдиган интеллектуал кўприкдир. Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини юксак қадрлаймиз. Бу марказ бутун ислом оламининг илмий меросини бирлаштирувчи нуфузли платформага айланишига ишонамиз», — деди доктор Оробий.
Унинг фикрича, кутубхоналар инсоният цивилизациясининг умумий хотирасини сақлайдиган масканлар бўлиб, ҳар бир китоб янги билим, янги ғоя ва янги илмий кашфиётларга йўл очади. Шу боис илмга сармоя киритиш келажакка сармоя киритиш билан тенгдир.
Маросимда иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов ҳам мазкур хайрли ташаббуснинг мамлакат илмий салоҳияти учун аҳамиятини алоҳида қайд этди.
Унинг таъкидлашича, араб дунёсида сўнгги йилларда чоп этилган фундаментал илмий адабиётларнинг Ўзбекистонга келтирилиши тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар, магистрантлар ва ёш олимлар учун ишончли манбалар базасини кенгайтиришга хизмат қилади.
Тақдим этилган китоблар ислом тарихи, Қуръон тафсири, ҳадисшунослик, фиқҳ, ақида, араб тили, ислом цивилизацияси тарихи ва бошқа қатор йўналишларни қамраб олади. Улар орасида араб мамлакатларида сўнгги йилларда нашр этилган илмий асарлар ҳам мавжуд бўлиб, бу Марказ кутубхонасини минтақадаги энг бой ихтисослашган фондлардан бирига айлантириш имкониятини янада кенгайтиради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон маданий дипломатия соҳасида фаол ташқи сиёсат юритмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий илмий марказлари иштирокида халқаро ҳамкорлик кенгайиб, ЮНЕСКО, ICESCO ва қатор илмий муассасалар билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўмон Султонлигидан 1000 та ноёб китобнинг тақдим этилиши ана шу изчил давлат сиёсатининг яна бир амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.
Маросим якунида томонлар мазкур хайрли ташаббус Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги илмий, маданий ва маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашини таъкидлаб, келгусида қўшма тадқиқотлар, китоб алмашинуви, илмий экспедициялар ва академик дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати