Муҳтарам Президентимизнинг «Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи» ғояси асосида Тошкент шаҳрида ҳам саховат тадбирлари юқори савияда ўтказиляпти.
Рамазоннинг тўртинчи куни (4 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Бектемир туманига ташриф буюрдилар.
Тумандаги 5 та ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Мурувват кўрсатилган оилалардан бирида рус миллатига мансуб ёши улуғ онахон яшайди. Онахон саховатдан мамнун бўлиб, бу хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларни алқади.
Ислом бағрикенг, ўзга миллат ва бошқа дин вакилларига меҳр-саховат кўрсатадиган диндир.
Зотан, қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойилларига риоя қилинса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор эмас.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул айласин!
Бу каби хайр-саховат тадбирлари шаҳримизнинг бошқа туманларида ҳам давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ислом дини адолат ва ҳалоллик устига қурилган. Жамиятда адолат мезонларини бузувчи, инсонлар ҳаққини поймол қилувчи энг хатарли иллатлардан бири бу — коррупция (фасод) ва порахўрлик (ришват) дир.
Пора — Лаънатга , юртни инкирозга олиб борувчи ва одамлар орасидаги адоватга сабаб бўлувчи амалдир.
Динимизда бировнинг ҳаққини ноҳақ йўл билан ейиш қатъиян ман этилган. Пора бериш ва олиш Аллоҳнинг раҳматидан узоқлашишга олиб келади.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رضي الله عنهما قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатладилар" (Абу Довуд ва Термизий ривояти)
Лаънат — бу Аллоҳнинг раҳматидан қувилиш демакдир. Бу иллат билан шуғулланувчи кимса нафақат дунёда, балки охиратда ҳам расволикка юз тутади.
Ботил йўл билан мол ейишнинг ҳаромлиги
Коррупция орқали топилган маблағ — ҳаром луқмадир. Қуръони каримда инсонлар бир-бирларининг молларини ноҳақ ўзлаштиришидан қайтариб шундай дейилади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ.
"Молларингизни ораларингизда ботил йўл билан еманг. Ва билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейишингиз учун уни ҳуккамоларга (пора қилиб) тутманг" (Бақара сураси, 188-оят).
Давлат мулкига хиёнат (Ғулул)
Коррупциянинг энг ёмон кўринишларидан бири — бу мансабни суиистеъмол қилиш ва давлат (халқ) мулкини талон-торож қилишдир. Бу ислом ҳуқуқида «ғулул» деб аталади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
مَنِ اسْتَعْمَلْنَاهُ عَلَى عَمَلٍ فَرَزَقْنَاهُ رِزْقًا فَمَا أَخَذَ بَعْدَ ذَلِكَ فَهُوَ غُلُولٌ
"Биз кимни бир ишга тайинласак ва унга маош белгиласак, у ўша маошдан ташқари нима олса, бу хиёнат (ғулул)дир".
Порахўрликнинг жамиятга етказадиган зарарлари:
Адолатсизлик: Лаёқатли инсонлар қолиб, порахўрлар юқорига чиқади, бу эса иқтидорларнинг сўнишига олиб келади.
Бараканинг учиши: Ҳаром аралашган жамиятда хотиржамлик, тинчлик ва ризқ баракаси бўлмайди.
Зулм: Камбағал ва ҳақдор инсонларнинг ҳуқуқлари пулдорлар томонидан поймол бўлади.
Дуонинг ижобат бўлмаслиги: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром луқма еган инсоннинг дуоси қабул бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирганлар.
Хулоса
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш, унинг сабаб ва омилларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, рақамли технологияларни жорий этиш, давлат хизматларини соддалаштириш каби чора-тадбирлар коррупция хавфини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Порахўрлик фақат бир шахс ёки ташкилотга эмас, балки бутун жамиятга зарар келтиради. У ишонч муҳитини заифлаштиради, ҳалол меҳнат ва адолат тамойилларига путур етказади. Шу боис ҳар бир фуқаро коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиши, қонунларга риоя қилиши ва жамиятда ҳалоллик қадриятларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши зарур.
Пора ва коррупция нафақат қонунбузарлик, балки катта маънавий жиноятдир. Мусулмон киши ўз меҳнати, ҳалол касби ва тақвоси билан яшаши лозим. Зеро, ҳаром билан тўпланган бойлик дўзах оловига отувчи воситадир.
Поклик ва ҳалоллик - иймон белгиси.
Сайдулло Яминов,
Мингбулок тумани “Мулла Назар Охун” жоме масжиди ноиб имоми