Муҳтарам Президентимизнинг «Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи» ғояси асосида Тошкент шаҳрида ҳам саховат тадбирлари юқори савияда ўтказиляпти.
Рамазоннинг тўртинчи куни (4 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Бектемир туманига ташриф буюрдилар.
Тумандаги 5 та ногиронлиги бор, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Мурувват кўрсатилган оилалардан бирида рус миллатига мансуб ёши улуғ онахон яшайди. Онахон саховатдан мамнун бўлиб, бу хайрли ишларнинг бошида турган азиз инсонларни алқади.
Ислом бағрикенг, ўзга миллат ва бошқа дин вакилларига меҳр-саховат кўрсатадиган диндир.
Зотан, қайси жамиятда диний бағрикенглик тамойилларига риоя қилинса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топиб, барча инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор эмас.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул айласин!
Бу каби хайр-саховат тадбирлари шаҳримизнинг бошқа туманларида ҳам давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
“Яшил”, яъни қайта тикланувчи энергия манбалари бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу мақолада масаланинг халқаро миқёсдаги долзарблиги, айни йўналишдаги сўнгги тажриба ва янгиликлар, соҳа истиқболи билан боғлиқ таҳлилга эътибор қаратамиз.
“Яшил” энергия нима?
Қуёш, шамол, сув, шунингдек геотермал ва биомасса каби қайта тикланувчи манбалар орқали ҳосил қилинадиган бундай энергия турлари табиий жараёнлар билан боғлиқ. Умуман, “яшил” энергиянинг асосий афзалликлари ифлослантирувчи чиқиндини камайтириш, табиий ресурсларни тежаш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш каби омилларда намоён бўлади.
Халқаро тажриба ва янгиликлар
1. Қуёш энергияси. Ўзбекистонда Хитой билан ҳамкорликда 2023 йил йўлга қўйилган “Сирдарё қуёш электр станцияси” мисолида кўринадики, бундай лойиҳалар нафақат ички эҳтиёжни қондириш, балки экспорт имкониятини оширишга ҳам хизмат қилади. Бинобарин, ХХР жаҳонда энг йирик қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи давлат сифатидаги ўрнини изчил мустаҳкамламоқда.
2. Шамол энергияси. Шамол электр станцияларининг улуши 50 фоизга етган Германияда соҳани янада ривожлантириш мақсадида янги технологиялар мунтазам равишда амалиётга жорий этиб борилади. Хусусан, аккумулятор тизими ва ақлли тармоқлар жараённи такомиллаштиришга хизмат қилади.
3. Гидроэнергетика. Норвегияда гидроэнергия, яъни сув ёрдамида энергия ишлаб чиқариш миқдори 90 фоизга етган. Мамлакатда сув омборларидан унумли фойдаланиш орқали экологик барқарорликни таъминлайдиган илғор технология жорий этилган.
4. Геотермал энергетика. Исландияда геотермал энергетика тизими кенг тарқалган бўлиб, орол электр таъминотининг 85 фоизини ташкил қилади. Бу усулнинг афзаллиги – доимийлик ва барқарорликда.
5. Биомасса. АҚШда биомассадан фойдаланиб қишлоқ хўжалиги чиқиндисини самарали қайта ишлашнинг янги усуллари яратилган. Натижада атроф-муҳитга етказилаётган зарар миқдори кескин камайтирилган.
Келажак ва истиқбол
“Яшил” энергия билан боғлиқ инновация келажакда янада оммалашиши кутиляпти. Бу жараёнда қуйидаги омиллар муҳим ўрин тутади:
– Технологик ривожланиш. Қайта тикланувчи энергия манбаларини яратишда янги технология, масалан нано технология жорий этилиши билан самарадорликни орттириш мумкин.
– Инвестиция. Жаҳон банки ва бошқа молиявий институтлар “яшил” энергетика лойиҳаларига сармоя киритишда давом этяпти. Бу глобал даражада барқарор ривожланишни таъминлайди.
– Иқлим ўзгаришига қарши кураш. “Яшил” энергияни ривожлантириш иқлим ўзгариши салбий оқибатини камайтиради. БМТнинг “2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадлари” доирасида давлатлар, хусусан Ўзбекистон “яшил” энергетика йўналишини кучайтиришга интилмоқда.
– Ижтимоий омиллар. “Яшил” энергетика соҳаси ривожланиши янги иш ўринлари яратишга кенг йўл очади.
Хулоса шуки, “яшил” энергия манбалари инсоният экология муаммоларига ечим топишида муҳим восита ҳисобланади. Халқаро миқёсда орттирилаётган инновацион тажриба соҳа истиқболига катта умид билан қараш имконини беради.
Инсоният учун барқарор келажак яратиш сари мамлакатимиз ҳам дадил қадам ташлар экан, ўзбек халқининг эртаси нурли эканлигига ишончимиз комил.
Мусулмон Зиё, ЎзА