Муборак Рамазон кунларида эҳтиёжманд инсонларга ёрдам бериш, уларни хурсанд этиш Ислом динида буюк фазилат саналади. Шу муносабат билан Фарғона шаҳрида кам таъминланган, ёрдамга муҳтож инсонлар учун ифторлик дастурхони ёзилди.
Меҳрибонлик ва саховат муҳити ҳукм сурган тадбирда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳам иштирок этиб, йиғилганларни муборак ой билан табриклади.
Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи экани, бу ойда мўмин-мусулмонлар ибодатларини зиёда қилиб, мустаҳкам биродарлик ва бағрикенглик билан яшашга даъват этилгани, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш инсон учун икки дунё саодатига элтадиган фазилат экани таъкидланди.
Тадбир давомида меҳмонларга таом тортилиб, дуолар қилинди ва хайрли амалларга тарғиб этилди. Тадбир иштирокчилари хайрия ифторлиги ташкилотчиларига ва саховатли инсонларга ўз миннатдорликларини изҳор қилдилар. Мана шундай хайрли тадбирлар орқали юртимизда меҳр-мурувват, ўзаро қўллаб-қувватлаш фазилатлари янада мустаҳкамланиши қайд этилди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан илк бор ташкил этилаётган «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжуман бошланиши арафасида.
Мазкур илмий-амалий анжуман Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида бўлиб ўтади. Айни пайтда ушбу зал анжуманни юқори савияда ўтказиш учун зарур шароитлар яратилган ҳолда тўлиқ шай ҳолатга келтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати