Ушбу табаррук ойда хайрли амалларни эмин-эркин адо этиш учун Наманган вилоятида ҳам барча шароит муҳайё қилинди. Шаҳар ва туманлардаги 190 дан зиёд масжидда таровеҳ намози ўқилмоқда. Масжидларимизда Қуръони карим тиловати учун Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан 300 нафарга яқин қори жалб этилган.
– Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар кўпдан-кўп ажр ва савобларга эга бўлади. Чунки табаррук ойда Аллоҳ таолонинг раҳмати, махфирати ҳар қачонгидан кўпроқ ёғилади, – дейди Наманган вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов. – Рамазон ойидаги хайр, саховат улуғлигини ушбу ҳадис ҳам яна бир карра тасдиқлайди.
Давлатимиз раҳбарининг қарори ҳамда Рамазон ойи муносабати билан йўлланган табригидан келиб чиққан ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш, хайр ва саховат тадбирлари, шу жумладан, ногиронлиги бор кишилар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ва эҳтиёжманд оилаларга меҳр-мурувват улашиш, беморлар ҳолидан хабар олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рамазон ойи муносабати билан Наманган шаҳридаги “Royal” тантаналар мажмуасида вилоят ҳокимлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ифторлик дастурхони ташкил қилинди. Унга Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманларида истиқомат қилувчи ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳамда бошқа диний конфессия вакиллари таклиф қилиниб, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Шундай тадбирлар вилоятнинг барча туманларида мунтазам ташкил қилинмоқда. Хусусан, Уйчи туманида уюштирилган ана шундай ифторликдан кейин маҳалла хонадонларига борилиб, турли миллатга мансуб муҳтож кишилар ҳолидан хабар олинди. Бу мамлакатимизда бағрикенглик ва бирдамлик тамойилларининг амалдаги ифодаси эканлигидан ёрқин далолат беради.
Шундай шукуҳли дамларда Наманган шаҳридаги “Мавлоно” ва “Мангулик” қабристонларида ташкил қилинган ҳашарда маҳаллалар фаоллари, нуронийлар ва ёшлардан иборат мингга яқин ҳамюртимиз иштирок этди. “Мавлоно Мавлавий” зиёратгоҳи олдида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоятдаги имом- хатиблар, нуронийлар билан муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, савобли ишларни давом эттириш мавзусида суҳбатлашди.
Тадбир доирасида ўтганлар хотираси ёдга олиниб, уларнинг руҳига Қуръон тиловат қилинди. Юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида қурбонлик қилиниб, хайр ва саховат ишлари амалга оширилди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири
Ёмонликдан қайтариш
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Раслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаклу шамойилларини, суратларию сийратларини таърифлаб: «Биринчи бор кўрган киши у зотдан ҳайбатланар эди. У зот билан аралашиб, таниган киши эса яхши кўриб қоларди. У зотни сифатлаган киши: “Ундан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдек бирор кишини кўрмадим”, дейди, деган» (Имом Термизий, “Шамоили Муҳаммадия”).
Ҳақиқатан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламда салобат ҳам, виқор, марҳамату шафқат ҳам – хуллас, ҳамма гўзал сифатлар, фазилатлар жамланган эди. У зотни илк марта кўрган ҳар қандай киши сергак тортар, виқорларидан, салобатларидан ҳайбатланар эди. Лекин Набий алайҳиссалом билан гаплашган, суҳбатда бўлган одам у зотнинг ҳалимликлари, гўзал сўзлари, мукаммал одоб ва ахлоқларига маҳлиё бўлиб қоларди...
Бугун ўзини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматиман деб ҳисоблаб, у зотнинг суннатларига мос тарзда дўппи кийган, соқол қўйган айрим кишиларнинг, айниқса, ёшларнинг олдига бориб, улар билан танишсангиз, дастлаб хурсанд бўласиз. Бироқ бироз ўтиб уларнинг хатти-ҳаракталаридан ёқа ушлайсиз.
“Албатта, жасадинг (тананг)нинг ҳам сенда ҳаққи бор” (Имом Бухорий ривояти) ҳадисига мувофиқ ҳар чоршанба спорт билан шуғулланамиз. Майдонга борсак, бизлар билан бир вақтда ёнимиздаги майдонга ҳам йигитлар йиғилишди. Соқол қўйган, айримларининг бошида дўппи ҳам бор. Салом беришди, алик олдик.
Чамаси ярим соатлар ўтиб, улардан бири сўкина кетди. Йигитларга қилган ҳавасимиз нафратга айланди. Оғзидан боди кириб-шоди чиқавергач, охири уларга танбеҳ беришга мажбур бўлдим. Бир-икки нафари тамаки ҳам тутата кетди.
“Ёшлар қизиққон бўлади-да”, дея уларни оқлашга шошмаслигимиз керак. Миллий ва диний қадриятларимизга путур етказадиган, бутун бир авлодга салбий таъсир қилаётган иллат – ёшларнинг соқол қўйиб, дўппи кийиб, тамаки тутатганча сўкинаётганини ҳеч ҳам тушуниб бўлмайди.
Яна бир ҳолат. Эрталаб ишга шошиб кетаётсам, чамаси 55-60 ёшни қоралаб қолган бир отахоннинг уловини бир йигит машинаси билан бироз сиқиб қўйди. Шунда соқолли, бошида дўпписи ярашиб турган киши уловининг ойнасидан ҳалиги йигитни бўралатиб сўкиб кетди.
Шу воқеани кўриб, соқол қўйиб, дўппи кийиб олган, бироқ оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган ёшлар осмондан тушмаганига, улар ҳам бизнинг орамизда, ўзбек оилаларида яшаб улғаяётганига амин бўлдим.
Ёшларнинг айниб кетаётганига интернет ва ижтимоий тармоқларга соқолли блогерлар, дўппи кийиб олган вайнерлар ва яна аллакимлар жойлаётган бемаъни, тутуруқсиз лавҳалар ҳам сабаб бўлаяпти. Ёшлар тақлидга ўч бўлади. Шу боис улар оилада, кўча-кўйда кўрган нарсаларини амалда қўллашни истайдилар.
Кўчада дўппи кийиб, соқол қўйиб юрган ёшни кўрган одам уни одобли, тарбияли ёки тақводор деб ўйлаши мумкин. Аммо ташқи кўриниш инсоннинг ички дунёсига кафил бўла олмайди. Инсонни кийими билан эмас, хулқи билан таниш керак. Дўппи кийиш яхши фазилатларнинг ўрнини босмайди, соқол қўйиш одобнинг кафолати эмас. Агар инсон ташқи қиёфасидаги маънавий даъвони ички тарбияси билан уйғунлаштирса, шунда унинг кўриниши ҳам, сўзи ҳам, амали ҳам бир-бирига мос келади.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Икки йил илм олдим. Одоб-ахлоқни ўн саккиз йил ўргандим. Қанийди, йигирма йил ҳам одоб-ахлоқни ўрганганимда эди”, деб бежиз айтмаган.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Одобни ўттиз йил ўргандим, илмни йигирма йил ўргандим”, деган.
Биз юқорида тасвирлаган ёшларда айнан одоб-ахлоқ етишмаяпти, дея оламиз. Бундай кимсаларга кийган дўпписи ақлини ишлатишга монелик қиляпти, иягида соқол ўсибди-ю, аммо онги ўсмабди, дейиш мумкин.
Ёшлик – жўшқин давр. Шу билан бирга, бу даврда ёшлар катталарга тақлид қилиб улғаядилар. Шундай экан, катталар ҳам одоб-ахлоқда барчага намуна бўлсалар, ёшлар улардан ибрат олиб, миллий қа диний қадриятларимизга путур етказадиган ҳар хил ҳолатлардан йироқ бўладилар.
Содиқул масдуқ зот – Муҳаммал соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло Ўз соясига оладиган етти тоифанинг иккинчиси “...Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит...”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Хўш, Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит ким, у қандай бўлади?
Аввало, у сўзи ва амали уйғун бўлган, Расулуллоҳнинг суратларию сийратларини ўзида мужассам этган навқирон авлод вакили бўлади. У ҳар бир ишини Аллоҳ учун қилади, хатти-ҳаракатлари, муомала-муносабатлари Исломннг зилол чашмасидан суғорилган, миллий қадриятларимизда белгиланган мезонларга асосланади.
У ўзига Набий алайҳисаломнинг: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ фаҳш ва ифлос сўз айтувчини ёмон кўради” (Имом Термизий ривояти), деган муборак ҳадисларини мезон қилиб олади.
У, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини ташлаб қўймайди (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
“Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит” мактабу мадрасада Имом Бухорий, Хоразмийдек “аълочи”, олий таълим муасссасида Абу Ҳафс Кабир Бухорийдек тиришқоқ, пешқадам, Ватан сарҳадларини қўриқлашда Холид ибн Валиддек, Нажмиддин Кубродек моҳир аскар, тижоратда Абдураҳмон ибн Авфдек уддабурон, зироатда Саъд ибн Абу Ваққосдек миришкор деҳқон, тиббиётда Абу Али ибн Синодек ҳозиқ табиб, ҳандасада Аҳмад ал-Фарғонийдек кучли муҳандис, хуллас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида барчага ибрат бўлиши керак. Ана шунда унга айтган гаплари, кийган кийимлари, шаклу шамойили ярашиб тушади. Ҳамма унга ва ота-онасисига раҳмат айтади.
Толибжон НИЗОМ