 
    
    
    
  
  
  
  
  
  
    
  
Ушбу табаррук ойда хайрли амалларни эмин-эркин адо этиш учун Наманган вилоятида ҳам барча шароит муҳайё қилинди. Шаҳар ва туманлардаги 190 дан зиёд масжидда таровеҳ намози ўқилмоқда. Масжидларимизда Қуръони карим тиловати учун Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан 300 нафарга яқин қори жалб этилган.  
– Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар кўпдан-кўп ажр ва савобларга эга бўлади. Чунки табаррук ойда Аллоҳ таолонинг раҳмати, махфирати ҳар қачонгидан кўпроқ ёғилади, – дейди Наманган вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов. – Рамазон ойидаги хайр, саховат улуғлигини ушбу ҳадис ҳам яна бир карра тасдиқлайди.  
Давлатимиз раҳбарининг қарори ҳамда Рамазон ойи муносабати билан йўлланган табригидан келиб чиққан ҳолда  атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш, хайр ва саховат тадбирлари, шу жумладан, ногиронлиги бор кишилар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ва эҳтиёжманд оилаларга меҳр-мурувват улашиш, беморлар ҳолидан хабар олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  
Рамазон ойи муносабати билан Наманган шаҳридаги “Royal” тантаналар мажмуасида вилоят ҳокимлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ифторлик дастурхони ташкил қилинди. Унга Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманларида истиқомат қилувчи ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳамда бошқа диний конфессия вакиллари таклиф қилиниб, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.  
Шундай тадбирлар вилоятнинг барча туманларида мунтазам ташкил қилинмоқда. Хусусан, Уйчи туманида уюштирилган ана шундай ифторликдан кейин маҳалла хонадонларига борилиб, турли миллатга мансуб муҳтож кишилар ҳолидан хабар олинди. Бу мамлакатимизда бағрикенглик ва бирдамлик тамойилларининг амалдаги ифодаси эканлигидан ёрқин далолат беради. 
Шундай шукуҳли дамларда Наманган шаҳридаги “Мавлоно” ва “Мангулик” қабристонларида ташкил қилинган ҳашарда маҳаллалар фаоллари, нуронийлар ва ёшлардан иборат мингга яқин ҳамюртимиз иштирок этди. “Мавлоно Мавлавий” зиёратгоҳи олдида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов вилоятдаги имом- хатиблар, нуронийлар билан муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, савобли ишларни давом эттириш мавзусида суҳбатлашди.  
Тадбир доирасида ўтганлар хотираси ёдга олиниб, уларнинг руҳига Қуръон тиловат қилинди. Юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида қурбонлик қилиниб, хайр ва саховат ишлари амалга оширилди.  
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири
 
                   
                   
                   
                   
                   
                   
                   
                   
                   
            
  
    
          
     
    
    
    
  
  
  
  
  
  
    
  Савол: Бир ҳадис ўқиб қолдим. Унда Бақара сурасини “ушлаш” барака деган жумла бор экан. “Ушлаш” сўзини қандай тушунамиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бақара сурасининг фазилати ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар келган. Шулардан бирини имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. У ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ушлаш барака, тарк этиш эса ҳасратдир. Унга сеҳргарлар қодир бўла олмаслар”, деганлар.
Мазкур ҳадисни шарҳлаган Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ ҳадисда келган “ушлаш” сўзидан мурод мазкур суранинг тиловатида бардавом бўлиш, маъноларини тадаббур (тафаккур) қилиш ва унда келган ҳукмларга амал қилишдир, ана шунда хайру барака, улкан фойдалар бўлади, деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан Бақара сураси фазилати улуғ сура экани, уни ўқиб-амал қилиш улкан барака экани, уни тиловат қилиб юрганларга сеҳр-жоду таъсир қилмаслиги аён бўлмоқда. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.