Илм инсоннинг энг катта, камаймас, унга шараф келтирадиган бойлигидир. Унга эга бўлган одам нафақат ўз ҳаётини, балки бутун инсоният келажагини ҳам равшанлаштиради. Ҳақиқий олимлар илм орқали жаҳон тараққиётига ҳисса қўшадилар, жамиятга фойда келтиради, одамлар ҳаётини яхшилашга хизмат қилади. Тарихдаги улкан олимлар – Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Беруний, Ал-Хоразмий каби алломаларимиз дунё тамаддунига мислсиз ҳисса қўшган ана шундай аждодларимиздан. Улар бизга қолдириб кетган илмий меросни қадрлашга, келажак авлодларга етказишга бўлган эътибор эса, кишини тўлқинлантиради.
Дунё мусулмонлари қаторида Рамазон ойи шукуҳидан баҳраманд бўлиб турган юртдошларимиз кеча яна бир тарихий, қувончли ҳодисага гувоҳ бўлишди. Улуғ ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг 1155 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилиниши жуда кўпчиликни мамнун этди.
Қарор билан танишар экансиз, беихтиёр “Олим бўлсанг, олам сеники” ибораси ёдга келади. Чунки илмли одам жамиятда ҳурматга сазовор бўлади, ўз фикри ва билими билан нафақат ўз даври, балки асрлар оша башарият равнақига хизмат қилади. Қарорда келтирилган бандлар ҳам шунга монанд. Унинг негизини ҳам илмга тарғиб, халқаро ва юртимиз миёсида илмий суҳбат, анжуманлар ўтказиш, илм аҳлини рағбатлантириш каби эзгу ишлар ташкил қилади. Унда жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман қилиш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар уюштириш каби халқаро жамоатчилик эътиборини жалб этишга доир ишлар кўзда тутилган. Айни пайтда, юртимиз бўйлаб ҳам илмга, аллома меросини ўрганишга кенг тарғиб қилинган. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ҳамда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Мотуридийлик таълимоти билимдони” танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилган. Шунингдек, бир қатор тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида йил давомида жойларда Имом Мотуридийнинг илмий меросига бағишланган давра суҳбатлари ўтказиб борилиши, хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига мансуб алломалар ҳаёти, илмий меросига оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этиш ишлари белгиланган.
Таъкидлаш керакки, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид асарлар ўз даврида адашган тоифаларга раддия беришда муҳим манба бўлиб хизмат қилган. Мазкур бебаҳо маънавий мерослар ҳозирги мураккаб даврда ҳам жуда муҳим аҳамиятга эгадир.
Дарҳақиқат, ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти ва ривожи илм аҳлига бўлган эътибор билан чамбарчас боғлиқ. Илм-маърифатни устувор қўйган давлатлар доим тараққий этган. Улардан буюк олимлар етишиб чиққан ва жаҳон миқёсида ўз ўрнини топган. Бугунги кунда кўплаб тараққий этган давлатлар қатори юртимизда ҳам илм аҳли учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Зеро, уларга эътибор берилиши жамиятда маънавий юксалишни ҳам таъминлайди. Чунки билимли инсонлар нафақат фан ва технология соҳасида, балки маданият, маърифат ва ахлоқ соҳасида ҳам улкан таъсир кўрсатади.
Зайниддин домла Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати