Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Улуғ айём кунларида эълон қилинган қувончли қарор

15.03.2025   13350   3 min.
Улуғ айём кунларида эълон қилинган қувончли қарор

Илм инсоннинг энг катта, камаймас, унга шараф келтирадиган бойлигидир. Унга эга бўлган одам нафақат ўз ҳаётини, балки бутун инсоният келажагини ҳам равшанлаштиради. Ҳақиқий олимлар илм орқали жаҳон тараққиётига ҳисса қўшадилар, жамиятга фойда келтиради, одамлар ҳаётини яхшилашга хизмат қилади. Тарихдаги улкан олимлар – Имом Бухорий, Имом Термизий, Ибн Сино, Беруний, Ал-Хоразмий каби алломаларимиз дунё тамаддунига мислсиз ҳисса қўшган ана шундай аждодларимиздан. Улар бизга қолдириб кетган илмий меросни қадрлашга, келажак авлодларга етказишга бўлган эътибор эса, кишини тўлқинлантиради. 
 

Дунё мусулмонлари қаторида Рамазон ойи шукуҳидан баҳраманд бўлиб турган юртдошларимиз кеча яна бир тарихий, қувончли ҳодисага гувоҳ бўлишди. Улуғ ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур  Мотуридийнинг 1155 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилиниши жуда кўпчиликни мамнун этди.
 

Қарор билан танишар экансиз, беихтиёр “Олим бўлсанг, олам сеники” ибораси ёдга келади. Чунки илмли одам жамиятда ҳурматга сазовор бўлади, ўз фикри ва билими билан нафақат ўз даври, балки асрлар оша башарият равнақига хизмат қилади. Қарорда келтирилган бандлар ҳам шунга монанд. Унинг негизини ҳам илмга тарғиб, халқаро ва юртимиз миёсида илмий суҳбат, анжуманлар ўтказиш, илм аҳлини рағбатлантириш каби эзгу ишлар ташкил қилади. Унда жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман қилиш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар уюштириш каби халқаро жамоатчилик эътиборини жалб этишга доир ишлар кўзда тутилган. Айни пайтда, юртимиз бўйлаб ҳам илмга, аллома меросини ўрганишга кенг тарғиб қилинган. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ҳамда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Мотуридийлик таълимоти билимдони” танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилган. Шунингдек, бир қатор тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида йил давомида жойларда Имом Мотуридийнинг илмий меросига бағишланган давра суҳбатлари ўтказиб борилиши, хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Мотуридий ва  мотуридийлик таълимотига мансуб алломалар ҳаёти, илмий меросига оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этиш ишлари белгиланган.


Таъкидлаш керакки, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид асарлар ўз даврида адашган тоифаларга раддия беришда муҳим манба бўлиб хизмат қилган. Мазкур бебаҳо маънавий мерослар ҳозирги мураккаб даврда ҳам жуда муҳим аҳамиятга эгадир.


Дарҳақиқат, ҳар қандай жамиятнинг тараққиёти ва ривожи илм аҳлига бўлган эътибор билан чамбарчас боғлиқ. Илм-маърифатни устувор қўйган давлатлар доим тараққий этган. Улардан буюк олимлар етишиб чиққан ва жаҳон миқёсида ўз ўрнини топган. Бугунги кунда кўплаб тараққий этган давлатлар қатори юртимизда ҳам илм аҳли учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Зеро, уларга эътибор берилиши жамиятда маънавий юксалишни ҳам таъминлайди. Чунки билимли инсонлар нафақат фан ва технология соҳасида, балки маданият, маърифат ва ахлоқ соҳасида ҳам улкан таъсир кўрсатади. 
 

Зайниддин домла Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

31.08.2026   103478   1 min.
13 минг нафардан зиёд ўқувчига мактаб форма ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.

Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.

Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.

Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари