Халқимизда: “Ҳамал келди – амал келди” деган ҳикматли сўз бор. Ҳамал кириши билан далаларда иш қайнайди. Экин-тикинлар экилади, кўчатлар ўтқазилади. Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида кўчатлар ўтқазиш авжига чиққан.
Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов, ЎзМИ масъул ходимлари, имом-хатиблар Оҳангарон тумани ҳудудига кўчатлар экишди.
Ерга қадалган 40 туп мевали ва манзарали кўчатлар илдиз отиб, кўкка бўй чўзиб, барчага фойдали улкан дарахтлар бўлади, иншоаллоҳ.
Зотан, динимизнинг таълимоти ҳам атроф-муҳитни мусаффо ҳолида сақлашга тарғиб этади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди” (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳақиқатан, бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз улар эккан дарахтларнинг меваларини еяпмиз. Энди навбат бизга: биз экамиз, кейинги авлодлар ейдилар, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таоло юртимизни боғу бўстонга, чаманзорга айлантирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Янги ўқув йили арафасида вилоятдаги имом-хатиб ва имом ноиблари томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига ўқув қуроллари олиб берилмоқда.
Бу эзгу ташаббус болажонларга қувонч улашиш билан бирга, уларнинг янги ўқув йилини муносиб кутиб олишига кўмаклашмоқда.
Меҳр-оқибат ва саховат — халқимизга хос эзгу қадриятлар!
ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати