Рамазон ойида хуфтон намозидан сўнг адо қилинадиган таровеҳ намози суннати муаккададир. Эркаклар масжидда жамоат билан ўқиса, аёллар уйида адо қилади. Баъзи фуқаҳолар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда айтган Рамазондаги тунги ибодатдан мақсад таровеҳ намозидир», дейишган.
Таровеҳ намози йигирма ракатдир. Ушбу йигирма ракатни ўнта салом ва бешта тарвиҳа (дам олиш)да адо қилинади. Ҳар икки саломдан сўнг дам олинади.
Тўрт мазҳаб уламолари таровеҳнинг йигирма ракат эканлигига бу ҳадисларни далил қилишган: Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Рамазон ойида саҳобалар таровеҳни йигирма ракат ўқишарди» (Имом Байҳақий ривояти).
Абдулазиз ибн Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мадинада Убай ибн Каъб Рамазон ойида одамларга йигирма ракат (таровеҳ) намозини ўқиб берарди ва витрни уч ракат ўқирди».
Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ «Муғний» номли китобларида таровеҳ намозини йигирма ракатлигига ижмо қилинганини келтиради ва Имом Моликнинг «Таровеҳ ўттиз олти ракатдир», деган сўзларига раддия сифатида бундай ёзади: «Рамазон ойида қоим бўлиб ўқиладиган таровеҳ намози йигирма ракатдир. Ушбу намозни биринчи ўқиган одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Ушбу намозни Умар розияллоҳу анҳу жорий қилган, дейилишининг сабаби эса, у киши Убай ибн Каъбни имом қилиб, бу намозни жамоат бўлиб ўқишни жорий қилган биринчи шахс ҳисобланадилар.
Али розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Рамазон ойида масжидлар олдидан ўтиб кетаётганларида уларнинг шамчироқлар ила ёритилганини кўриб: «Бизнинг масжидларимизни ёритган Умарнинг қабрини Аллоҳ ёритсин», деб дуо қилганлар. (Яъни Умар (розияллоҳу анҳу)нинг қилган ишларини маъқуллаганлар.)»1
Миср, Мағриб, Ливия, Қувайт, Қатар, Сурия, Покистон, Ҳиндистон каби ўлкалардаги деярли барча масжидларда таровеҳ намозини йигирма ракат ўқишади.
Юқорида айтиб ўтилган маълумотлардан ер юзидаги барча мусулмонлар таровеҳни йигирма ракат ўқишлари аён бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида: «Менинг умматим залолатда жамланмайди», деганлар. Демак, таровеҳни йигирма ракат ўқиш суннат ҳисобланади.
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли
1 Ибн Қудома. “Муғний фи фиқҳил Ҳанбалий”. 2-жуз. 167-бет.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан йўлга қўйилган очиқ ва самимий мулоқот тизими фуқаролар мурожаатларини атрофлича ўрганиш ҳамда уларга тезкор ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
Бугун, 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг таклиф ва мурожаатларини тинглади.
Юзма-юз мулоқот жараёнида масжидлар ҳолати ва фаолияти, имом-хатиблар иши, ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш, оилавий муносабатларни тартибга солиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатишга оид қатор масалалар кўриб чиқилди.
Мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби очиқ мулоқот тадбирлари Диний идоранинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати