Анча йиллар олдин байрам арафасида кечқурун бир синфдошимизникига йиғилдик. Нимадир олиб келиш керак бўлиб, икки қурдош мотоциклга миниб жўнаб кетди. Ўн дақиқалик йўлга кетган йигитлар ярим соат ўтса ҳам, қайтиб келмади. Феъли торроқ айрим синфдошларим тажанг бўла бошлади. Ниҳоят, чамаси бир соатлар ўтиб, иккиси кириб келди. Чанг-тупроққа беланган, қўл-оёқлари шилинган эди.
– Нима бўлди? – деб сўрасак, улардан бири жавоб берди:
– Яхшигина келаётувдик, йўлда олдимиздан қора мушук ўтиб қолса бўладими, манови довдир, – дея боши билан шеригига ишора қилиб гапида давом этди, – “Вой, қора пишак”, деб мотоциклни буриб юборди-да, тўғри ўқариққа бориб қадалиб қолдик.
Кейин муҳокама авж олди. Бири қора мушук йўлни кесиб ўтса, фалокат бўлишини айтса, иккинчиси инкор қилиб: “У бир мушук бўлса, ўтади-кетади-да, шунга ота гўри қозихонами?!” дерди.
Яна кўп давраларда, ҳатто ғайридинлар орасида ҳам йўлни қора мушук кесиб ўтиши фалокат белгиси, деган иримни эшитиб ҳайрон бўламан.
Энг қизиғи, баъзи одамлар бу ишни мушукнинг ўзи қилади, деб тушунса-да, уни Аллоҳ бахтсизлик белгиси қилиб йўлга чиқариб қўяди, деб ҳисоблайди. Улар шу хато тушунчаси боис йўлини қора мушук кесиб ўтиб қолгудек бўлса, ҳовлиқиб, довдираб қолганидан уловини ўзи бир жойга буриб юбориб, бир нарсага уриб олади. Кейин ўша ҳодисани қора мушукнинг йўлини кесиб ўтганига боғлайди.
Ўзининг тақдирини аллақандай махлуқнинг ҳаракатига боғлиқ, деб тушуниш иймонининг заифлигидан. Бундай одамлар барча воқеа-ҳодисалар фақат Аллоҳ таолонинг изну иродаси ила юз беришини охиригача тушуниб етмайди.
Шундай экан, қора мушукдан қўрқиб, уни қийинчиликларнинг хабарчиси эканига ишониш – жаҳолат белгиси. Биз аслида бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахтсизликка сабаб бўладиган гуноҳ ишларни қилиб қўйишдан қўрқмоғимиз керак.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
"Мўминалар" журнали 2-сонидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ