Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Дам шу дамдир: шукрни кечиктирманг!

17.03.2025   23071   2 min.
Дам шу дамдир: шукрни кечиктирманг!

Бой одам деразадан қараб, фақирга кўзи тушди. У чиқинди титиб юрарди. Шунда бой одам “Аллоҳга шукрки, мени ночор ҳаётда яшатмади”, деди.

Ночор одам чиқиндилардан ул-бул нарса топиб, энди кетаётганида олдидан бир ногирон ўтиб қолди. “Фақир бўлсам-да, соғломман, алҳамдулиллаҳ!” деди уни кўрганида.

Ногирон одамнинг олдидан эса бир-бирини етаклаган кўзи ожизлар чиқди. “Вужудимда ногиронлик бўлса-да, бу оламни кўриб яшаяпман, Ўзингга шукрлар бўлсин!” деди у ҳам.

Кўзи ожизлар шифохонага боришди. Навбат кутиб турганларида бир кишининг вафот этганини эшитишди. “Аллоҳга шукр, бизни шу ҳолимизда бўлса ҳам яшатмоқда, фурсат бермоқда”, дейишди ўзаро.

Фақат ўлган одам Аллоҳга бир оғиз ҳамд айтиш имконини ҳам бой бериб бўлганди...

Нима учун бугун кўпчилигимиз Аллоҳга шукр айтишни унутиб, шикоятимиз кўпайиб кетмоқда. Ахир, Аллоҳ бизга ҳаёт, ризқ, инсон учун нима керак бўлса, ҳамма неъматларини бериб қўйган-ку! Яхшилаб ўйлаб кўрсак, бизнинг ташвишимиз, эришишни истаб, туну кун ғам чеккан нарсаларимиз асл заруратдан ташқари бўлиб чиқади.

Қаранг, бугун яна бир янги тонгни кўрдик. Дастурхонда ош-нонимиз, бошимизда бошпанамиз бор, танда жонимиз саломат. Ҳолбуки, бу кунга, бу йилги Рамазонга етмаганлар қанча?..

Шундай экан, Рамазон ойида, аввало, ота-онамиз, ўзимиз, оиламиз, қолаверса, барча уммат учун дуолар қилайлик. Зеро, Аллоҳ бизга бераётган неъматлари учун шукр қилсак, зиёда қилишини айтган: «Ва Роббингизнинг «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб эълон қилганини ҳам эсланг» (Иброҳим сураси, 7-оят). 

Демак, берилган неъматларга шукр айтиш инсоннинг тўғри йўлда эканини билдиради. Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема, жонинг омон, давлатингни кам, дема.
 

Берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтирайлик, азизлар!
 

Акбаршоҳ Расулов

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Яхшилик улашиб, кўнгиллар шод бўлмоқда

16.08.2026   38277   1 min.
Яхшилик улашиб, кўнгиллар шод бўлмоқда

Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича меҳр-оқибат, оқибат ва хайр-саховат марафонлари янгича суръат ва кенг ёйилмоқда. Инсон қадрини улуғлашни бош мақсад қилган ушбу эзгу ташаббуслар юртимиздаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимизга меҳр улашишга қаратилган.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими томонидан "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжидида ёлғиз ва боқувчисини йўқотган фарзандларимиз учун мактаб формаси ва ўқув қуролларини бериш тадбири ўтказилди.
Кўнгилларга умид, юракларга қувонч таратган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Алишер Алланиязов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раиси А.Жоловшиевлар иштирок этиб, 35 болага мактаб формалари ва байрам совғаларини тантанали тарзда топширди.
Бундай ғамхўрлик тадбири фарзандларимизнинг кўзларида қувонч учқунини ёқиб, кўнгилларида чексиз фахр туйғусини уйғотди.
"Инсон қадри улуғланган, меҳр-оқибат устувор бўлган юртда доимо тараққиёт ва барака бўлади."
 

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Яхшилик улашиб, кўнгиллар шод бўлмоқда Яхшилик улашиб, кўнгиллар шод бўлмоқда
Ўзбекистон янгиликлари