Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Июн, 2026   |   23 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
20:00
Хуфтон
21:36
Bismillah
10 Июн, 2026, 23 Зулҳижжа, 1447

Жамолиддин Каримов: Ўзбек мотуридийшунослигидаги улкан тарихий воқелик

17.03.2025   11744   9 min.
Жамолиддин Каримов: Ўзбек мотуридийшунослигидаги улкан тарихий воқелик

Бугун бебаҳо меросимизни чуқур ўрганиш, уни тадқиқ этиш, бу борада халқаро ҳамкорликни тобора кенгайтириш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги амалий ишларнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Мамлакатимизда моҳи Рамазоннинг шукуҳи кезаётган шундай фазилатли кунларда мазкур қарорнинг қабул қилиниши аждодларимиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш, руҳини шод этиш билан бирга, улар меросини атрофлича ўрганиш борасидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди.

Юқорида номи келтирилган қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг директори, таниқли диншунос олим, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жамолиддин Каримов билан суҳбатлашдик. 

– Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори аҳамияти ҳақида тўхталсангиз.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда мутафаккир алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Зотан, инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг асарларидаги эзгу ғоялар, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ва мўътадиллик, илм-фан, ақл ва тафаккурнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига оид қарашлар ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.

Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой тарихий-маданий меросимизни ўрганиш ва қайта тиклашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда буюк мутафаккир аждодимиз, ақида илми ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Мансур Мотуридий ва у асос солган мотуридийлик таълимотини ўрганишга алоҳида аҳамият берилиши диққатга сазовор. Ҳануз ўз долзарблигини йўқотмасдан келаётган мазкур таълимотнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида юртбошимиз: “Мотуридий таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”, деб таъкидлаган эди.

Сўнгги кунларда мамлакатимиз тарихида, хусусан, мотуридийшунослик соҳасида юқорида зикр қилинган ишларга ҳамоҳанг бўлган улкан тарихий воқелик содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.

Унга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил қилинадиган тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкиллаштириш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, олим асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр қилиш, унинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш, эсдалик сувенирлари, почта маркалари, тақвимлар ва бошқа кўргазмали ахборот воситаларини муомалага чиқариш, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистонда, балки мусулмон мамлакатларида ҳам катта қувонч билан кутиб олинди. Таъкидлаш лозимки, қарор юртимизда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янада рағбатлантириш, бу борада амалга оширилаётган ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш, Имом Мотуридий сиймосини халқимизга янада кенгроқ танитишга хизмат қилиши билан бирга, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига алоҳида масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар, илмий-тадқиқот мавзулари қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда белгиланиб, асосий фаолият йўналишлари мувофиқлаштирилади.

–Буюк аждодимиз Имом Мотуридий илмий мероси маънавий ҳаётимизда қандай ўрин эгаллайди?

–  Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмон оламида буюк мутакаллим, қомусий олим ва улуғ мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида кенг эътироф этилади. У асос солган мотуридийлик таълимоти пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар эътиқод мусаффолигини асраб-авайлаш, мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, ислом ниқоби остидаги оқимларнинг бузғунчи ғояларга қарши раддиялар беришда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда.

Хусусан, турли адашган оқимларнинг ғояларига қарши нақлий ва ақлий далиллар асосида раддия бериш методологияси ҳамда маърифий асосларини ишлаб чиққан Имом Мотуридий мазкур хизматлари учун “Имом ал-ҳуда” – “Ҳидоят имоми”, “Мусаҳҳиҳ ақида ал-муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчи” деган шарафли номларга сазовор бўлган. Алломанинг Абу Муин Насафий, Абу Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби издошлари унинг йўлини муносиб давом эттириб, ихтилофли ақидавий муаммоларга илмий ечим топиш, мўътадил таълимотни одамлар орасида кенг тарқатишга улкан ҳисса қўшганлар.

Имом Мотуридийнинг мутаассибликка қарши кураш методологияси ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга асослангани сабабли бузғунчи оқимлар фаолиятига барҳам беришда ўта самарали бўлган. Ушбу методологиянинг асосини олимнинг “Қуролингни илмдан яса”, деган ҳикматли сўзи ташкил қилган. Бугунги кунда Имом Мотуридийнинг ушбу ҳикмати мамлакатимизда муваффақиятли қўлланилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси билан ҳар томонлама муштарак эканини кўришимиз мумкин. Умуман олганда, юқоридагилардан келиб чиқиб, Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш ёшлар тарбиясида, шунингдек, жамиятда бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини қарор топтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нақадар юксак аҳамиятга эга экани ойдинлашади.

– Имом Мотуридий илмий-тадқиқот маркази фаолияти ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз. Шу билан бирга, юқорида номи келтирилган қарор  марказ зиммасига қандай вазифаларни юклайди?

– Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши хусусида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Марказда бу борада кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Энг биринчи навбатда, Марказ қошида ташкил қилинган Халқаро илмий ҳайъат фаолиятини алоҳида тилга олиш зарур. Миср, Туркия, Иордания, Босния ва Герцеговина, Германия, Россия, Малайзия каби мамлакатларнинг етук олимлари, маҳаллий мутахассисларни ўз таркибида жамлаган ушбу Ҳайъат илмий-тадқиқот мавзуларини мазмунан бойитиш ва янада такомиллаштириш, Марказ фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўйишда беназир платформа вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, Ҳайъат аъзолари Имом Мотуридий сиймосини жаҳонга танитишга ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар.

Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Туркия Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Ислом тафаккури институти, Салжуқ университети, Анқара Йилдирим Боязид университети, Ал-Азҳар университети, Малайзия ислом илмлари университети каби жаҳоннинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорликка оид меморандумлар доирасида мотуридийлик таълимоти тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти, шунингдек, замонавий исломшуносликка оид долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Марказ томонидан Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий мероси бўйича халқаро танлов ўтказилди. Шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия жорий қилинди. Бу, ўз навбатида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш билан бирга, Марказ фаолиятини ҳам хорижда кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини яратиш, қўлёзмалар асосида илмий-танқидий матнларини тайёрлаш, шу асосда халқчил рисолаларни нашр қилиб, аҳоли, айниқса ёшлар орасида мотуридийлик таълимотидаги бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларини кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида бугунги кундаги долзарб муаммоларга бағишланган 40 га яқин монография, китоб ва халқчил рисола чоп этилди.

Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга, уни маҳаллий ва халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу қарор нафақат Ўзбекистон, балки халқаро миқёсдаги мотуридийшунослик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.

– Самимий суҳбат учун ташаккур!

ЎзА мухбири 

Назокат Усмонова суҳбатлашди.

Бошқа мақолалар

“Катаракта”нинг шифоси

09.06.2026   8540   3 min.
“Катаракта”нинг шифоси

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «“Оҳ, Юсуф!” деб кўзларига оқ тушди» (Юсуф сураси, 84-оят).

Бу оят узоқ вақтдан бери муфассир ва тиббиёт тадқиқотчиларини ўзига жалб қилиб келади. Баъзи талқинларга кўра, бу “оқ тушиш” ҳозирда бутун дунёда кўрликнинг асосий сабаби сифатида тан олинган “катаракта”га ишора қилади.

Кўзга оқ тушиши – кўз гавҳарининг хира тортиши бўлиб, табобат илмида “катаракта” дейилади. Бунда кўз гавҳарида хиралик пайдо бўлиб, кўришни қисман ёки тўлиқ тўсиб қўяди. Баъзида бу хиралик кўзни шу даражада заифлаштирадики, ҳатто инсон буткул кўрмай қолади.

Мисрлик биокимёгар доктор Абдул Босит Муҳаммад Саййид айтади: “Кунларнинг бирида бомдод намозида Юсуф сурасини ўқидим. Ундаги ажойиб қисса эътиборимни тортди. Юсуфга акаларининг қилган фитнаси, отаси уни йўқотиб қўйиб, қаттиқ қайғудан кўзи кўрмай қолгани, сўнгра Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлагини юзига босганида кўзи яна очилгани ҳақида фикр юритдим. Ўзимга ўзим: “Юсуфнинг кўйлагида нима бўлиши мумкинки, бундай шифога сабаб бўлса ва кўз ўз ҳолатига қайтса?” дедим. Ишончим комилки, бу ерда фақат руҳий даво эмас, балки моддий шифо ҳам бўлган. Қуръоннинг ҳақ эканини тасдиқлаш учун бу масалани ўрганиб, охирига етказишим керак. Мен бу масала устида тадқиқот ўтказдим ва Аллоҳ мени бунга муваффақ қилди”.

 

Доктор Абдул Босит Муҳаммад Саййид тернинг Яқуб алайҳиссаломнинг кўриш қобилиятини тиклашда рол ўйнаши мумкинлиги борасида илмий тадқиқотлар олиб борди.

Доктор Абдул Босит инсон танасидан ажраладиган тернинг асосий таркибий қисми бўлган карбамидга эътибор қаратди ва у катаракта ҳосил бўлишини қайтаришга ёрдам бериши мумкин деган гипотезани илгари сурди.

Катаракта линзаларини тер эритмаларига ботириб, линзаларнинг хиралашишини аста-секин йўқ қилишини кузатди. У тер таркибий қисмларидан олинган кўз томчиси формуласини ишлаб чиқди ва уни 250 нафар беморда синаб кўрди.

Натижада, 90 фоиздан ортиқ беморнинг кўзидаги оқлик кетиб, кўриши аввалги ҳолига қайтди. Қолган 10 фоиз кишиларнинг кўз гавҳарида шаффофлик кузатилган, аммо кўзида бошқа касаллик бўлгани учун уларнинг кўриши яхшиланмаган. Доктор Абдул Босит Муҳаммад бу илмий кашфиётлари учун Европа ва Америка Қўшма Штатларида патентларни олди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

اللَّهُمَّ اجْعَلْ فِي بَصَرِي نُورًا

Аллоҳуммажъал фий басорий нурон

“Ё Аллоҳим, кўзимда нур қил” деб дуо қилардилар (Имом Муслим ривояти).

 

Аллоҳ таоло беминнат берган кўз неъматининг шукрини адо этишимизни насиб айласин. Кўзларингиз ҳамиша қувончдан порлаб турсин!

Даврон НУРМУҲАММАД