Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Сентябр, 2026   |   21 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:29
Қуёш
05:51
Пешин
12:22
Аср
16:59
Шом
18:57
Хуфтон
20:15
Bismillah
03 Сентябр, 2026, 21 Рабиъул аввал, 1448

Буюкларнинг оналари: Хонзодабегимнинг матонати

18.03.2025   15384   2 min.
Буюкларнинг оналари: Хонзодабегимнинг матонати

Қадим ва кўҳна Бухоро – авлиёлар, Ислом оламига муносиб ҳисса қўшган уламолар маскани, бутун дунёдан сайёҳлар зиёрат учун келадиган шариф шаҳар. Уни шарафлантириб турган аждодларимиз орасида Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари алоҳида ўрин тутади. 

Абдулхолиқ Ғиждувоний номини тилга олар эканмиз, ҳар сафар: “Уст-бошингизни меҳнатингиз билан безанг”, “Кўнгил фироғини муҳаббат олови билан ёқинг” каби гўзал васиятлари қулоғимиз остида жаранглайди. 
1103 йили асли румлик Шайх Абдулжамил ва Малатия подшоҳининг қизи Хонзодабегимнинг никоҳидан “Абдулхолиқ” исмли пок ўғил дунёга келди. Бақо эшигидан киргунига қадар фақат Аллоҳ зикрида бўлган валий зот Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари “Хожаи Жаҳон” номига мушарраф бўлган. 

Барча улуғ зотларнинг ортида муштипар аёл – тақводор ва фидойи оналар туради. Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг онаси Хонзодабегим ҳам Шайх Абдулжамил билан беш йилча бирга ҳаёт кечирган.  Хонзодабегим йигирма бир ёшида бева қолиб, умрини шу биргина фарзандининг илм олиши ва  тарбиясига бағишлади. Подшоҳнинг қизиман, демасдан ҳаётнинг паст-баландликларини шукр ва сабр билан енгиб ўтди. Меҳнаткашлиги, қатъиятлилиги ёш Абдулхолиқнинг келгуси ҳаётида бутун умрига татигулик даражада ўз таъсирини ўтказди. 

Ҳар доим Аллоҳга илтижо қилди. Бошқаларга бориб арз қилмади, отасининг юртига қайтиб кетмади, яхши гумонда бўлиб, буни бир хайрли тақдирга йўйиб,  чиройли сабр қилди...

Она фарзандини ўзидан узиб бирор ерга юбориш у ёқда турсин, бир неча соатга бўлса-да, бошқага бериб кетолмайди. Балки шундан бўлса керак, Пайғамбар алайҳиссалом: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деганлар (Имом Қузоъий ривояти). Хонзодабегим ҳам  йўқотса-да, аёллик иффатию ор-номусини ва маънавиятини йўқотмади. Бутун умрини, илмини, куч-қувватини фарзандининг камолоти йўлида сарфлади. Олис юрти, ота-она соғинчи қалбини қанча ўртамасин, фарзандининг ёнида қолди. 

Она номини пок сақлай олган аёлларимиз бор экан, ҳаёт мунаввар. Бунинг учун ҳар бир муслима ўзининг асосий бурчи илм ва тарбия­ни маҳкам тутмоғи лозим. Зеро, қўлига китоб тутган халқни, миллатни аввало аёл тарбиялайди. Сизу бизнинг зиммамиздаги вазифалар юки оғир бўлса ҳам, шарафи юксакдир. Шундай экан, олиму уламоларнинг мерос­хўрлари сифатида уларга муносиб фарзанд бўлайлик! 
 

Норбиби МАРДОНОВА, 
Ғиждувон тумани бош отинойиси

"Мўминалар" журнали 2-сонидан

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон делегацияси Мисрдаги халқаро анжуманда иштирок этади

02.09.2026   11479   1 min.
Ўзбекистон делегацияси Мисрдаги халқаро анжуманда иштирок этади

Жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари Қоҳира шаҳрида Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман бўлиб ўтади.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этади. Маълумки, жорий йил июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Бутунжаҳон Фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти аъзолигига қабул қилинган эдилар.

Халқаро йиғинда дунёнинг таниқли муфтийлари, фатво ва фиқҳ марказлари уламолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Ал-Азҳар дорулфунуни каби нуфузли олийгоҳлар профессорлари ҳамда соҳа мутахассислари жам бўлади.

Кун тартибида сунъий интеллект, жадал рақамлаштириш ва замонавий биоэтика замонида оила институти мустаҳкамлигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш ҳамда маънавий инқирозларга исломий қадриятлар асосида шаръий ва илмий ечимлар топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари