Рамазони шарифда диний-маърифий соҳадаги барча ишларни ўзгача руҳ ва кайфият қуршаб олади. Хусусан, улуғ ойдаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқоти кўплаб муаммолар ўз ечимини топишида муҳим омил бўлмоқда.
Ана шундай қабуллардан бири бугун, 19 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиб фаолияти, ҳаж, оилавий келишмовчилик, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Мана шундай самимий қабул ва Рамазон ҳадяларидан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлиб, хайрли дуолар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Корея Республикасининг етакчи нашрларидан бири — "The Chosun Daily"да Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Мақолада Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги тарихий ришталар, бугунги алоҳида стратегик шериклик, савдо-инвестисия алоқалари ҳамда муносабатларни янги технологик босқичга олиб чиқиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилган.
сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажми 5 баробарга ошган;
Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестисиялари ҳажми 8 миллиард доллардан ошган;
Айни пайтда мамлакатимизда Корея капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилмоқда;
КОICА, Корея Эксимбанки ва ЭДCФ билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3,5 миллиард доллардан ортиқ;
2025 йилда Марказий Осиё давлатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 500 миллиард доллардан ошган.
Президент икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро тўлдирувчанлиги янги ўсиш драйверларини яратиш учун катта имконият эканини таъкидлаб, ҳамкорликни умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантириш даражасига олиб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.
"Ишончим комилки, айнан шу асосда ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очишимиз — алоҳида соҳалардаги муваффақиятли ҳамкорликдан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантиришга ўтишимиз мумкин. Бу эса мамлакатларимиз барқарор ва узоқ муддатли фаровонлигининг янада мустаҳкам пойдеворини барпо этади".
Мақолада сунъий интеллект, ярим ўтказгичлар, робототехника, электр транспорт воситалари, биофармасевтика, ақлли қишлоқ хўжалиги ва “ақлли шаҳарлар” истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида белгиланган. Шунингдек, таълим ва инсон капиталига инвестисия киритиш, академик алмашинув ва қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги эътироф этган.
Президент, шунингдек, Марказий Осиё-Корея Республикаси саммити Ўзбекистон ва Корея муносабатлари билан бир қаторда, бутун минтақа билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон эканилигига алоҳида урғу берди.
"...Ўзбекистон сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва шерикликнинг янги, самарали механизмларини шакллантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббусларни илгари суриш ниятида. Бу ташаббуслар “Марказий Осиё — Корея Республикаси” форматини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, уни янада тизимли, динамик ва узоқ муддатли минтақавий устувор вазифаларга йўналтирилган механизмга айлантиришга қаратилган".
Президент мақоласида қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик нафақат икки томонлама муносабатларни, балки Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, инновация ва умумий тараққиёт учун янги имкониятларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
"Марказий Осиё ва Корея Республикаси тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликка асосланган ҳамкорликнинг янги маконини шакллантира олишига чин дилдан ишонаман"- дейди Давлатимиз Раҳбари мақолада.
Маълумот ўрнида: The Chosun Daily — 1920 йилда ташкил этилган «Чосун Илбо» медиагуруҳи таркибидаги нашр бўлиб, Корея Республикасидаги йирик ахборот платформаларидан бири ҳисобланади.
Нашр сиёсат, иқтисодиёт, жамият ва халқаро муносабатларга оид долзарб воқеаларни кенг ёритиб боради. Унда Ўзбекистон Президентининг мақоласи эълон қилиниши икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликка бўлган юксак эътиборнинг яна бир ифодасидир.