Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Лайлатул қадр қайси кечада эканини биласизми?

24.03.2025   20789   9 min.
Лайлатул қадр қайси кечада эканини биласизми?

Лайлатул қадрга етишиш ва унда берилажак ажр-мукофотлардан баҳраманд бўлиш ҳар бир мусулмон орзуси. Шундай экан, бу муборак тунни қайси кечадан изламоқ керак?

Дастлаб, Қадр Рамазон ойининг нечанчи кечаси экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечасини аниқлаб айтиб беришларини қайта-қайта сўрашгач, у зот аввал ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ ойнинг охирги етти кечасидан, сўнгра ойнинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар ва ҳоказо. Шунга кўра, манбаларда бу борада келган маълумотлар турличадир. Демак, Қадр кечасини қуйидаги вақтлардан топиш мумкин экан:

Йил давомида. Баъзи улуғ зотлар одамлар йилнинг маълум бир кечасига суяниб, фақатгина ўша тунни ғанимат билиб, уни ибодат билан бедор ўтказиб, қолган кечаларга бепарво бўлиб юрмасинлар деган мақсадда, бу муборак кечани топмоқчи бўлган киши йил давомида излаши керак, дейишган.

Табиийки, бу жуда машаққатли бўлиб, унга ҳамма ҳам қодир бўлолмайди. Зеро, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Динимизда ҳар бир масалада кишининг ҳолати инобатга олинади, ҳатто ибодатда ҳам. Масалан, соғлом киши намозни тик туриб ўқиса, унга тоқати етмаганлар ўтириб имо-ишора билан адо этади ва ҳоказо. Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини қарангки, соғлом одам намоз ўқиганида, унга қанча савоб берилса, ихлос билан ўтириб, имо-ишора билан ўқилган ибодатга ҳам ўшанча ажр ёзилади. Агар буларга ато этиладиган савоблар айрича бўлганида эди, беморлар, қарилар ва заифлар сингари одамлар куч-қуввати бор соғлом кишидек савоб қозонишлари мумкин бўлмай қоларди. Бу эса, зулмдир. Ҳолбуки, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳеч кимга зулмни раво кўрмас. Демак, Қадр кечаси ҳақида келтирилган маълумотлар ҳам шунга қиёсланади. Зеро, Қадр кечасини топиш ҳам улуғ ибодатдир.

Рамазон ойидан. Шундай қилиб, йил давомида Қадр кечасини излаш имконияти йўқ кишилар қандай йўл тутишлари керак? Улар мазкур кечани Рамазон ойидан қидирадилар. Демак, мазкур кечани топиш янада қулайлашди, йилдан ойга қисқарди.

Рамазон ойининг охирги даҳасидан. Бу муборак кечани Рамазон ойи давомида топиш кўпчиликка оғирлик қилди, дейлик. Энди, улар Рамазоннинг охирги ўнлигидан қидиришлари керак. Зеро, Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар ва:

تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ

«Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар (Муттафақун алайҳ).

Демак, шарт-шароити кўтарган кишилар шу кечалар ичидан топишга ҳаракат қиладилар. Бу, Лайлатул қадрни топиш ойдан ўн кечага қисқарди, деганидир.

Рамазон ойининг охирги етти кечасидан. Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги даҳасидан топишга ҳам тоқати етмаганлар уни охирги етти кечадан қидиришлари мумкин. Зеро, Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинишича, саҳобалардан баъзилари тушларида Лайлатул қадрни охирги етти (кеча)да эканини кўришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

أَرَى رُؤْيَاكُمْ قَدْ تَوَاطَأَتْ فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ فَمَنْ كَانَ مُتَحَرِّيهَا فَلْيَتَحَرَّهَا فِي السَّبْعِ الأَوَاخِرِ

«Сизларнинг тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўряпман. Ким у (кеча)ни изламоқчи бўлса, охирги етти (кеча)да қидирсин» (Муттафақун алайҳ). Зотан, ҳақиқий мўминнинг кўрган туши ваҳий кабидир. Зеро, азон саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг тушлари туфайли жорий бўлгани тарихдан маълум. Энди у зотларнинг тушлари шарофатидан Лайлатул қадрни излаш ўн кечадан етти кечага қисқарди. Бу ҳам қулай имконият.

Рамазон ойининг охирги ўн кечасининг тоқларидан. Бу Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги етти кечасидан излашга ожиз кишилар учун йўлдир:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْوِتْرِ مِنَ الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِي

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар» (Икки Шайх ва Термизий ривояти).

Демак, Қадр кечасини топиш еттидан беш кечага қисқарди. Улар Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларидир. Ҳа, бу муборак кечалар ҳам Лайлатул қадрни топиш учун қулай фурсатдир.

Рамазон ойининг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан. Бу юқоридаги беш кечага тоқати етмаганлар учун қулай фурсатдир:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي الله عَنْهما أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْتَمِسُوهَا فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي تَاسِعَةٍ تَبْقَى فِي سَابِعَةٍ تَبْقَى فِي خَامِسَةٍ تَبْقَى. رواه البخاري.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазондан охирги ўн (кечаси)да изланглар: тўққиз кеча қолганда, етти кеча қолганда, беш кеча қолганда» (Имом Бухорий ривояти). Демак, Лайлатул қадрни топиш беш кечадан учга қисқарди. Шунга кўра, бу Рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларидан топиш керак бўлади.

Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан. Мазкур уч кечага ҳам мажоли етмаганлар Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидан излашга имконлари бор. Зеро, бу улуғ тун Рамазоннинг айнан шу кечасида эканига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Жумладан, Муовия ибн Абу Суфён (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ سَبْعٍ وَعِشْرِينَ

«Лайлатул қадр йигирма еттинчи кечададир» (Имом Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Машҳур саҳобий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қадр кечаси ҳақидаги айтган аломатларидан аниқлаб, жазм билан уни йигирма еттинчи кечада эканини таъкидлаганлар. Унинг аломати ўлароқ, ўша кечанинг баракотларига гувоҳ бўлиш учун жуда кўп фаришта осмондан ерга тушиб-чиқар экан. Уларнинг кўплигидан қуёш ёғдуси тўсилади. Шу боис, ўша кечанинг тонгида қуёш тоғарага ўхшаб, атрофга зиё сочмай кўтариларкан.

Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчисида экани Ислом оламида машҳурдир.

Демак, бу муборак ойни ғанимат билиб, имкони бўлса, барча кечаларида ибодатга бел боғлаб, бедор ўтказишга, айниқса, йигирма еттинчи кечага алоҳида эътибор қаратиш керак. Шу билан бирга, бу муборак кечада, аҳли оила, ёру дўстларни ҳам ибодатга чорлаш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг савобидан кўра кўпроқ ажр беришидан умидвор бўлиш лозим. Ўша кечада қилинган ибодат ва дуолар фазлидан ўтган гуноҳларнинг кечирилишини умид қилиш даркор.

Рамазоннинг охирги ўн кечанинг биридан. Ривоятларда келишича, Пайғамбари­миз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини изламоқчи бўлиб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирдилар. Шунда тушларида у тун Рамазоннинг охирги ўн кунлигида экани, ўша кечанинг аломати ўлароқ у зот тонгда лой ҳамда сувга сажда қилишларини кўрдилар. Буни кишиларга айтиб, уларни ҳам эътикоф ўтиришга чорладилар. Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавиянинг томи хурмо шохлари билан ёпилганидан, диярли ёмғирнинг кўп қисми масжид ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешона ва бурунлари учига лой ҳамда сув тегди. Шунда саҳобалар дарҳол Лайлатул қадр аломатини эсладилар. Ўшанда Рамазоннинг йигирма биринчи кечаси эди. Бошқа ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Лайлатул қадр кўрсатилди. Сўнгра хотирамдан кўтарилди. Менимча, ўша кечанинг тонгида лой ва сувга сажда қилсам керак», дедилар. Шунда Рамазоннинг йигирма учинчи кечасида ёмғир қўйди».

Уламолар Лайлатул қадр ҳар йили кўчиб юради, бир йил у кечада, кейинги йил бу кечада, деганлар. Шу эътибордан, у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, албатта, уни топади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни бу улуғ онларнинг файзу баракотидан насибадор қилсин, дуоларимизни ижобат айласин, гуноҳларимизни афв этсин, тавбаларимизни қабул қилсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан бутун дунёга, айниқса, юртимизга тинчлик-хотиржамликни бардавом айласин. Омин!

Толибжон ҚОДИРОВ 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

22.08.2026   29698   4 min.
Ботил даъво: ЮРТИМИЗ РАҲБАРЛАРИ ТОҒУТМИ?

Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?

“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.

“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.

“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?(Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.

Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.

Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.

Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.

Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.

Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.

Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.

Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА