Мана, муборак Рамазон ойи ҳам ўз поёнига етди. Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказганларимиз, кундузлари рўзадор юрганларимиз, туну кун Қуръон ўқиганларимиз эсингиздами?!
Намозларимизни масжидларда жамоат билан ўқишга қаттиқ ҳаракат қилар эдик. Масжидлар ҳам намозхонларнинг кўплигидан тўлиб-тошиб кетарди. Шу дамларни эсингиздан чиқармадингизми?!
Хўш, энди айтинг-чи! Ҳозир ҳам Рамазондаги каби ҳаёт тарзидамизми?! Ўша кунларда бўлгани каби бир кеча Қуръон ўқимай қолсак хижолат бўламизми?! Кундузги ва тунги амалларимизни пухта бажаришга киришганмизми?! Тафаккур, хушуъ, тааммул ва бўйинсуниш ила Раббимиздан қўрқяпмизми?!
Одамларнинг Рамазондаги ва ундан бошқа пайтлардаги ҳолатларини солиштирган киши дангасалик, ибодатларга лоқайдликни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайди. Уларнинг ҳолатларидан “Тавба, ибодат фақатгина Рамазон ойига тегишлими?! Аллоҳ таоло барча ойларнинг ҳам Робби-ку?!
Рамазон ойи бошқа ойларда ибодатларга ихлос ила ёндашиш учун захира тўплаб олинадиган ойдир.
Улуғлардан бири айтади: “Ким бўшашиш, дангасалик ва роҳат томон оғса, ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, у одам ҳақиқий роҳатдан қуруқ қолибди”.
Бир ҳикмат бор: “Чарчамасликни хоҳласангиз, чарчаб (бўшашиб) қолмаслик учун (ибодат билан) чарчанг!”.
Бу каби тавсияни Аллоҳ таоло Ўз Набиййига берган: «Фориғ бўлсанг, (ибодатга) урингин»[1]. Чунки дангасалик орқали ҳақни етказиб бўлмайди, вожибларни адо этиш қийин масала.
Ибодатга шўнғиш, тинмай машғул бўлиш, яқинларининг ҳақларидан уларни маҳрум қилиш Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари эмас. Аксинча, ҳар ишда мўътадиллик лозим. Яхши ишни оз-оздан бўлса ҳам доимий қилиб юрган афзал.
Тавбадан кейин қилинган бир гуноҳ ундан аввалги гуноҳдан анчайин ёмонроқдир. Касалликнинг қайталаниши биринчисига қараганда анчайин қийин кечади. То дунёдан ўтгунингизга қадар тоатларда маҳкам туриш, астойдил бўлишни Аллоҳ таолодан сўранг. Қалбларнинг алмашинувидан эса паноҳ тиланг. Тўқиган нарсасини тайёр бўлганидан кейин қирқим қилиб кесиб, чувалаб ташлаган аёлга ўхшаманг.
Аллоҳнинг тоати йўлида сизга ёрдамчи бўладиган кишини дўст деб билинг. Рамазон ойида дуо қилишга ҳарис бўлганингиздек, бошқа ойлар ҳам дуода маҳкам бўлинг. Ҳафтада бир маротаба бўлса ҳам таҳажжудга туринг. Қуръон тиловатини унутманг. Рамазондан кейин ҳам Рамазондаги ҳолатингизда давомли бўлинг.
[1] Шарҳ сураси, 7-оят.
اللهم صلي وسلم على نبينا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين
Шайх ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кимки кўп нафл рўза тута олмаса ва нафл намозларни ўқий олмаса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтиши лозим.
Агар инсон умр бўйи қилган ибодати билан Аллоҳ таолонинг бир маротаба салавот айтгани тенглаштирилса, Аллоҳ таолонинг салавоти оғир келади. Чунки банда ўз даражасида ибодат қилади, Аллоҳ таоло эса Ўзининг буюклигига муносиб салавот айтади. Энди У Зот банда учун ўн марта салавот айтса қандай бўлади?!”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким менга бир марта салавот айтса Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таолонинг бандаларига айтган салавоти Унинг раҳматидир.
اللهم صلي وسلم على نبينا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين
Даврон НУРМУҲАММАД