Муҳтарам Президентимизнинг «Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи» ғояси асосида саховат тадбирлари пойтахтимизда давом этяпти.
Бу жараёнда ўзга миллат вакилларига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Бугун, Рамазоннинг 24-куни (24 март) Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимиздаги «Шайх Зайниддин» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда туманлар бош имом-хатиблари, имом-домлалар иштирокида ҳомийларни жалб қилган ҳолда тумандаги 100 га яқин кам таъминланган, боқувчисиин йўқотган, эҳтиёжманд, ногирони бор оилалар ҳолидан хабар олинди.
Абдуқаҳҳор домла «Кўкча» маҳалласига ташриф буюриб, маҳалла фаоллари билан у ердаги 5 та якка-ёлғиз яшаётган, ногирон парваришланаётган хонадонга қувонч улашилиб, эҳсонлар тарқатдилар.
Имом-хатиблар эса тумандаги бошқа маҳаллаларга бордилар.
Пешин намозидан сўнг имом-домлалар «Шайх Зайниддин» жоме масжидига қайтиб, амалга оширилган эзгу ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Яхшилик, хайр-саховат, меҳр-оқибат, силаи раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонга зийнат бўлиб келган. Бундай олижаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръон каримда: «Эҳсон-яхшиликнинг мукофоти фақат эҳсон ва эзгулик бўлажак» (Роҳман сураси, 60-оят), деб ўзгаларга яхшилик қилувчиларга дунё ва охиратда улкан мукофотлар борлигини маълум қилган.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни Оли Имрон номли сурани ўқиса, Аллоҳ ва Унинг фаришталари қуёш ботгунча унга салавот айтиб турадилар», – дедилар (Табароний ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни бомдод намозида «Алиф лам мим. Танзилу…»ни – Сажда(сураси)ни – ва «Ҳал ата ъалал-инсани»ни қироат қилар эдилар» (Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган).
Ибн Абу Сайф Яманий «Ал-ламъа фи рағоиби явмил жумуъа» китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради:
«Тасбеҳ намозини жума куни завол пайтида ўқиш мустаҳабдир. Биринчи ракъатда Фотиҳадан кейин Такосурни ўқийди, иккинчисида Вал асрни, учинчисида Кофирунни, тўртинчисида Ихлосни ўқийди». Сўнг охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.
«Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар» китобидан