Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган вилояти бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Охират сафарига кузатилган онахон эл-юрт корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Обидхон домлага ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози бугун пешин намозидан сўнг Наманган шаҳридаги "Шайх Эшон" жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро шаҳридаги "Сайфиддин Бохарзий" (Шайх ул-Олам) жоме масжидида замонавий талаблар асосида барпо этилган янги таҳоратхона намозхонлар ихтиёрига топширилди.
Мазкур иншоот бир вақтнинг ўзида 70 нафаргача намозхонга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Шунингдек, унда имконияти чекланган фуқаролар учун махсус жиҳозланган 4 та алоҳида хона ҳам ташкил этилган.
Иншоот ёзги ва қишки мавсумларда ибодат қилувчилар учун максимал даражада қулай бўлган барча зарур шароитлар, жумладан, иситиш ва совитиш тизимлари билан тўлиқ таъминланган.
Аллоҳ таоло ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган ҳомийлар, меҳнат қилган қурувчи ва усталарнинг эзгу амалларини даргоҳида ҳусни қабул айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати