Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

Садақанинг 63 та фойдаси

25.03.2025   11523   4 min.
Садақанинг  63 та  фойдаси

Устоз уламои киромларимиз айтадилар: 

“Жуда оз бўлса ҳам,

кунига садақа қилишни одат қилинг!"

Чунки "САДАҚА – РАДДИ БАЛО".

 

  1. Садақа – жаннат эшикларидан биридир.
  2. Садақа – солиҳ амалларнинг энг афзали. 
  3. Садақа Қиёмат куни ўз соҳибига соябон бўлади.
  4. Садақа қабр иссиғини пасайтиради.
  5. Садақа – маййитга қилинадиган энг яхши ва энг фойдали ҳадядир. Аллоҳ таоло уни кўпайтириб беради. 
  6. Садақа нафсни поклайди.
  7. Садақа Қиёмат кунидаги қўрқинчдан омонлик беради.
  8. Садақа хато ва гуноҳларга каффорат бўлади.
  9. Садақа – ўлим олди хотимани гўзал қилади.
  10. Садақа хурсандчиликка сабаб бўлади.
  11. Садақа қилувчи – одамларнинг энг яхшисидир.
  12. Садақа соҳибига жуда ҳам кўп ва беқиёс буюк яхшиликлар ва жуда ҳам улкан савоблар ваъда қилинган.
  13. Садақа қилиш – тақводорларнинг сифатларидандир. 
  14. Садақа – саховатнинг белгисидир.
  15. Садақа – дуо қабул бўлишига сабабдир.
  16. Садақа – ташвишнинг аришига сабабдир.
  17. Садақа балони қайтаради.
  18. Садақа умрни узайтиради. 
  19. Садақа – дардга даво, касалликка – шифо, энг фойдали муолажадир.
  20. Садақа ўт тушишидан, сувда чўкишдан, ўғри уришидан асрайди.
  21. Садақанинг савоби – нақд, гарчи у ҳайвон-паррандаларга қилинса ҳам.
  22. Садақанинг афзали – очга таом беришдир.
  23. Садақа қилувчи киши одамлар меҳрини қозонади.
  24. Садақа – садақа қилувчининг мол-давлатини кўпайтиради. 
  25. Садақа ризқ зиёда бўлишига сабаб бўлади.
  26. Садақа – садақа қилган кишини одамлар яхши кўришларига сабаб бўлади.
  27. Садақа нусратга сабаб бўлади.
  28. Садақа ишида қатнашганлар савобга шерик бўладилар.
  29. Садақа – бало ва қазолардан ҳимоя қилади.
  30. Садақа ўз эгасини ёмон ўлимдан асрайди.
  31. Садақа берган билан мол-дунё камайиб қолмайди.
  32. Садақа берадиган одамнинг молига фаришталар барака тилаб дуо қиладилар.
  33. Садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради.
  34. Садақа – садақа берувчининг шайтонлар устидан ғалабасидир.
  35. Садақа Қиёмат кунида бу дунёда бой берилган нарсаларга афсус қилдирмайди.
  36. Садақа – ғам-андуҳдан холи этгувчидир.
  37. Садақа Қиёмат куни тўсиқ бўлиб, ҳимоя қилиб, садақа қилувчини дўзахдан тўсади.
  38. Садақа қалбнинг қаттиқлигини юмшатади.
  39. Садақа – Қиёмат кунида садақа қилганнинг юзининг жилосидир.
  40. Садақа қилинган маййитга ҳам, садақа қилган одамга ҳам Аллоҳ таоло савобларини кўпайтириб беради.
  41. Садақа – ёмонликларни даф этиш учун сабабдир.
  42. Садақа фаришталарнинг дуосига сабаб бўлади.
  43. Садақа савобларни кўпайтиради.
  44. Садақа – қайғудан асрагувчидир.
  45. Садақа – қабр оловини сўндиргувчидир.
  46. Садақа – ҳасанотларни ўн ҳиссага кўпайтиргувчидир.
  47. Садақа бу дунёдаги 70 хил ёмонлик эшикларини ёпади.
  48. Садақа – соҳибини қабр азоби ва оловдан озод этгувчидир.
  49. Садақа – садақа берувчининг қувончига сабабчидир.
  50. Сув ҳўл-қуруқни куйдириб бораётган оловни ўчиргани каби, инсоннинг икки дунёсини куйдириб бораётган хато ва гуноҳларини садақа ўчиради.
  51. Садақа вафотингиздан кейин ҳам ажр-савобингизни кўпайтириб туради.
  52. Садақа қилувчи Аллоҳ таолога яқин бўлиб, Ўзининг меҳрига сазовор бўлади.
  53. Узр сабабли тутолмай қолган фарз қилинган рўзани ҳам садақа билан кафорат этилади. 
  54. Садақа Рамазон ойида тутилган рўзани мукаммал қилиб беради.
  55. Садақа қилаётганингизда маблағларингизни йўқотаётган бўлмайсиз, балки уни бошқа пайт учун ўзингизга жўнатаётган бўласиз.
  56. Садақа – сахий ва ҳимматли ишлардан ва эзгу аломатлардан биридир.  
  57. Садақа – дуонинг ижобат бўлишига сабабчидир.
  58. Садақа қилувчиларни Ўзининг гўзал мукофотлари ила сийлайди. 
  59. Садақа – Қиёмат кунида садақа қилганнинг юзини ёруғ қилади.  
  60. Садақа – садақа берувчидан ва унинг яқинларидан балони даф қилади.
  61. Садақа – садақа берувчининг обрў ва ҳурматини сақлайди.
  62. Садақа берадиган хонадонга Худои таолонинг раҳмати ёғилади.
  63. Садақа берадиган одамга файзу илоҳий, хайр-барака берилади. 

(Каломуллоҳ – Қуръони Каримнинг ояти карималари ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларидан).

 

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

12.08.2026   30850   3 min.
Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.

Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.

Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.

Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».

Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.

Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари