Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Октябр, 2026   |   6 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:18
Қуёш
06:37
Пешин
12:08
Аср
15:56
Шом
17:44
Хуфтон
18:58
Bismillah
17 Октябр, 2026, 6 Жумадул аввал, 1448
Мақолалар

Ҳайитлик

25.03.2025   16698   2 min.
Ҳайитлик

Ҳайитда ота ўғлига оёқ кийим олиб бериш учун бозорга олиб борди. Дўконда ўғли бир оёқ кийим ёққандай бўлди. Шу пайт дўкон ёнидан бир бола нарса сотиб ўтиб қолди. У дўконга мўралаб, сотаётган егулигидан олишга чорларкан, отаси оёқ кийим олиб бераётган болага ҳавасланиб қараб қолди. Ота ўғлининг эътибори тенгдошига тушганини кўрди. Ўғли унинг эскириб кетган кийим-бошига қараб, ачинганини сезди. Боягина ўзига ёққан оёқ кийимни кийиб, шодланган чеҳраси маюслашди.

Ота ўғлидан: “У болани ҳам хурсанд қилмоқчимисан?”, деб сўради. Ўғлининг юз-кўзлари қувончдан порлади: “Отажон! Унга ҳам шу оёқ кийимдан олиб берасизми?” дея отасини қучоқлаб миннатдорлик билдирди. Ота нарса сотиб юрган болани чақирди. Ўғлига олиб берган оёқ кийимдан унга ҳам олиб, кийдирди. Бола олдинига ишонқирамади.

Сўнг хурсанд бўлганидан йиғлаб юборди. Бу саховатли амакига раҳмат айтиб, қўлини ўпмоқчи бўлди. Амаки эса унинг бошини силаб: “Ҳайит муборак бўлсин, болам!” деди. “Сизга ҳам байрам муборак бўлсин, пулларингиз бундан ҳам кўпайсин!” дея тезда жавоб қайтарди бола. Ота зимдан ўғлига қаради. Унинг хурсандлигини кўриб, Аллоҳ таолога шундай салим қалбли фарзанд бергани учун шукроналар айтди. Ўйлаб қараса, у ўғлига ҳайитлик учун бир оёқ кийим олиб берибди. Ўғли эса унга бебаҳо нарсалар – яхшилик қилишнинг ҳузури ва шукроналик туйғусини ҳадя қилибди.

Ҳақиқий ҳайитликни Аллоҳ таоло учовларига ҳам ато этибди.
 

Яхшилик қилиш бандани жаннатга олиб бориши Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда жуда кўп айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деганлар. 


Акбаршоҳ Расулов

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Эрта никоҳ ва никоҳни қайд этмасдан диний маросим ўтказганлик учун жазо кучайтирилди

16.10.2026   16611   2 min.
Эрта никоҳ ва никоҳни қайд этмасдан диний маросим ўтказганлик учун жазо кучайтирилди

Ўзбекистонда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилди. Бу президент 14 октябрь куни имзолаган қонунда назарда тутилган. Ўзгаришлар шу санадан кучга кирди, хабар бермоқда Gazeta.uz.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (аввал — 5 бараваридан 10 бараваригача).

Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни турмушга бериш ёки уйлантириш учун БҲМнинг 20 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима белгиланди (аввал — 7 бараваридан 15 бараваригача).

Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жарима БҲМнинг 30 бараваридан 50 бараваригача оширилди (аввал — 15 бараваридан 30 бараваригача).

Баҳорда президент молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр ёшлар ўртасида никоҳ тузилишини рағбатлантиришни назарда тутувчи фармонни имзолаган эди. 2027 йилдан бошлаб ҳар икки томон камида 21 ёшга тўлганда илк бор никоҳдан ўтган ёш оилаларга давлат томонидан қўшимча имтиёзлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.

Бундан ташқари, қонунчиликда никоҳ ёшини пасайтириш учун аниқ (тугал) асослар белгилаш режалаштирилган эди. Ҳозирги вақтда ҳокимлар истисно ҳолларда ва узрли сабаблар мавжуд бўлганда (ҳомиладорлик, бола туғилиши ва вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш) никоҳ ёшини 18 ёшдан 17 ёшгача пасайтириш ҳуқуқига эга.

Статистикага кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда никоҳларнинг 40 фоизи 18−19 ёшдаги ёшлар ўртасида тузилмоқда.

1 сентябрдан никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жарима суммасининг 15 фоизи бундай ҳолатлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари