Ҳайитда ота ўғлига оёқ кийим олиб бериш учун бозорга олиб борди. Дўконда ўғли бир оёқ кийим ёққандай бўлди. Шу пайт дўкон ёнидан бир бола нарса сотиб ўтиб қолди. У дўконга мўралаб, сотаётган егулигидан олишга чорларкан, отаси оёқ кийим олиб бераётган болага ҳавасланиб қараб қолди. Ота ўғлининг эътибори тенгдошига тушганини кўрди. Ўғли унинг эскириб кетган кийим-бошига қараб, ачинганини сезди. Боягина ўзига ёққан оёқ кийимни кийиб, шодланган чеҳраси маюслашди.
Ота ўғлидан: “У болани ҳам хурсанд қилмоқчимисан?”, деб сўради. Ўғлининг юз-кўзлари қувончдан порлади: “Отажон! Унга ҳам шу оёқ кийимдан олиб берасизми?” дея отасини қучоқлаб миннатдорлик билдирди. Ота нарса сотиб юрган болани чақирди. Ўғлига олиб берган оёқ кийимдан унга ҳам олиб, кийдирди. Бола олдинига ишонқирамади.
Сўнг хурсанд бўлганидан йиғлаб юборди. Бу саховатли амакига раҳмат айтиб, қўлини ўпмоқчи бўлди. Амаки эса унинг бошини силаб: “Ҳайит муборак бўлсин, болам!” деди. “Сизга ҳам байрам муборак бўлсин, пулларингиз бундан ҳам кўпайсин!” дея тезда жавоб қайтарди бола. Ота зимдан ўғлига қаради. Унинг хурсандлигини кўриб, Аллоҳ таолога шундай салим қалбли фарзанд бергани учун шукроналар айтди. Ўйлаб қараса, у ўғлига ҳайитлик учун бир оёқ кийим олиб берибди. Ўғли эса унга бебаҳо нарсалар – яхшилик қилишнинг ҳузури ва шукроналик туйғусини ҳадя қилибди.
Ҳақиқий ҳайитликни Аллоҳ таоло учовларига ҳам ато этибди.
Яхшилик қилиш бандани жаннатга олиб бориши Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда жуда кўп айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деганлар.
Акбаршоҳ Расулов
Абу Бакр ибн Абдураҳмон Умар ибн Хаттобнинг халифалик замонида ҳижрий 22 йилда дунёга келган. Отаси Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом катта тобеин, ўз қавмининг шарафли кишиси эди. У Аммор ибн Ёсир, Абу Масъуд Ансорий, Ойша бинти Абу Бакр, Умму Салама, Абу Ҳурайра, Асмо бинти Умайс ва бошқа кўплаб катта саҳобалардан ҳадис ривоят қилган.
Унинг ўзидан эса мўминлар амири Умар ибн Абдулазиз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа ровийлар ривоят қилган. Абу Бакр ибн Абдураҳмон нақл қилган ривоятларнинг аксарияти Абу Ҳурайрага боғланади. Абу Бакр ибн Абдураҳмоннинг машҳур ривоятлари орасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мана бу ҳадислари ҳам бор. Буни Ибн Шиҳоб Абу Бакр ибн Абдураҳмондан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилган:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мен бир кунда етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтаман”, деганларини эшитдим» (Имом Бухорий ривояти).
Абу Бакр ибн Абдураҳмон кучли ва мустаҳкам хотира соҳиби эди. У ривоят қилган ҳадисларни шогирдлари синчковлик билан ёзиб боришган. Чунки ўша даврдаги фиқҳий мажлисларда ҳадисни ёзиб бориш амалиёти кенг қўлланар эди. Абу Бакр ибн Абдураҳмон ва унинг ака-укалари бу борада ҳақиқий ибрат намунаси бўлишди.
Абу Бакр ибн Абдураҳмоннинг тақводорлиги ва илми учун мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвон уни қаттиқ ҳурмат қилган. Халифа ўғилларига ҳам фақиҳнинг ҳурматини ўрнига қўйишни тайинлаган. Бироқ Мадинада умравийларни ёқтирмаган тоифалар ҳам бор эди. Буни билган Абдулмалик ибн Марвон бундай деган эди:
“Аллоҳга қасам, Мадина аҳлидан бизнинг шаънимизга ёмон гаплар айтадиганларни жазоламоқчи бўламан-у, Абу Бакр ибн Абдураҳмон эсимга тушиб, бу ниятимдан қайтаман. Ундан уялганим учун бу ишни қилмайман”.
Мўминлар амири ҳадис ва фиқҳ соҳиби ҳурмати учун ўзига қарши сўзловчиларни жазоламаган.
Бир куни у Масжиди Набавийда жамоатга пешин намозини ўқиб берди. Сўнгра уйига қайтиб ҳушидан кетди. Шом намозидан олдин масжид муаззини Мадина аҳлига бундай деди:
«“Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтгувчимиз”. Абу Бакр ибн Абдураҳмон ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу вафот этди».
Шу куни унинг шогирдлари шом намозини қайғуга ботган ҳолда шайхсиз адо этдилар. У Бақиъ қабристонига қўйилди. Ҳижрий 94 йилда кўплаб фақиҳлар қатори Абу Бакр ибн Абдураҳмон ҳам вафот этди. Кейинчалик ўша йилга “Фақиҳлар йили” деб ном берилди.
Бобомурод Эрали
тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws