Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

26.03.2025   10075   2 min.
Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли халқимиз фаровонлигини ошириш, кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.

Буларнинг барчаси бағрикенглик, саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойини мамлакатимизда тинч-тотув, файзли ва шукуҳли муҳитда ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни эл-юртимиз ўртасида инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат, кам таъминланган ва эҳтиёжманд шахслар, ёрдамга муҳтож оилаларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби юксак инсоний фазилатлар айни кунларда янада яққол намоён бўлаётгани ҳам тасдиқлайди.

Улуғ айём – муқаддас Рамазон ҳайитини ана шундай хайрли ишларни изчил давом эттирган ҳолда ҳар томонлама муносиб кутиб олиш, ўтказиш ва унинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этиш мақсадида қарор қиламан:

1. Жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 30 март – якшанба кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, мамлакатимизда 2025 йил 30 март куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:

(а) ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2025 йилда якшанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш куни 31 март – душанба кунига кўчирилиши;

(б) бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Рамазон ҳайитини халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

Туризм қўмитаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин. 

4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин. 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Озарбайжонда муфтийлар анжумани бошланди

14.09.2026   5178   1 min.
Озарбайжонда муфтийлар анжумани бошланди

Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.

Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:

– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;

– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;

– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.

Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Анжуман давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари