Энг улуғ ғоямиз: Жаҳолатга қарши — маърифат"
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Чилонзор туман ҳокимлиги ҳамда Маърифий тарғибот маркази ҳамкорлигида Учтепа туманида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Устоз Ҳомиджон домла Ишматбеков иштирокида Чилонзор туманидаги 164- мактаб фаоллар залида "Жаҳолатга қарши маърифат" ва "Рамазон ойи фазилатлари" мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Учрашув давомида ёшларни камолотида илм олишнинг муҳимлиги мавзусида шунингдек, ёшларни жамиятга зид бўлган ёт ғоялардан асраш, турли экстремистик гуруҳлар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик ҳақида тўхталиб ўтилди.
Мазмунли маъруза давомида фарзандларни соғлом эътиқодли ва билимли қилиб тарбиялашда ҳар бир ота-онанинг ўрни муҳимлиги борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир сўнгида, ижтимоий, ақидавий масалаларга доир берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди.
https://t.me/marifiymarkaz/6410
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Телеграм ижтимоий тармоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаброил алайҳиссалом менга ўргатди. Сизларга уни айтиб бераман, ким найсон (апрель) ойида ёмғир ёққанда сувидан олиб, 70 мартадан фотиҳа, оятал курси, фалақ, нас, кафирун, сураларини ўқиб дам солиб ичса эркак ва аёл бепушт бўлса фарзанд кўради, фалаж бўлмайди, танадаги бор касалликлар тузалади", мазмунли хабар тарқалди. Ҳақиқатан ҳам шу маънодаги ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мазкур ривоятни ҳадис деб айтиш катта гуноҳ ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш ҳисобланади. Бирорта ҳам эътиборли ва ишончли ҳадис китобларида бундай мазмундаги ҳадис келган эмас. Айрим уламолар уни ҳадис тўқиш билан шуғулланадиганларнинг тўқимаси эканлигини таъкидлаб ўтишган. Шунинг учун ҳар қандай маълумотларни, хусусан, динга оид маълумотларни тўғри ёки нотўғрилигини аниқламасдан туриб тарқатишдан жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим. Бундай ишлар ёлғонга хизмат қилиш ва бошқаларни алдаш ҳисобланади. Қолаверса, бу ёлғон оддий ёлғонлар каби шунчаки ҳаром бўлиб қолмай, жаҳаннам билан таҳдид қилинган гуноҳлар сирасига киритилгани ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ ، مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)
“Менинг номимдан (айтилган) уйдирилган ёлғон сўз бошқа бир киши номидан уйдирилган ёлғон каби эмасдир. Кимки менинг номимдан қасддан ёлғон сўз тўқиса, жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, шу мавсумда, яъни, апрель ойида ёғадиган ёмғирнинг фойдалари тиббий жиҳатдан исботланган бўлса, соҳа мутахассисларининг кўрсатмаси бўйича истеъмол қилиш хато ёки гуноҳ ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.