Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Октябр, 2026   |   11 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:24
Қуёш
06:42
Пешин
12:13
Аср
15:50
Шом
17:35
Хуфтон
18:48
Bismillah
22 Октябр, 2026, 11 Жумадул аввал, 1448

Рамазондан кейин бажариладиган 4 амал

01.04.2025   4621   6 min.
Рамазондан кейин бажариладиган 4 амал

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойи ўтди. Бир муддатга кишанланган шайтонлар яна ақлимиз, уйимиз, ўнгу сўлимиздан жой олди. Яна инсонларни васвасага солиш учун ичган онтини бажара бошлади.

«У деди: «Мени йўлдан оздирганинг сабабли уларга тўғри йўлингда албатта тўғаноқ бўламан. Сўнгра уларнинг олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан» (Aъроф сураси, 16-17-оятлар).

Рамазондан олдин тинчимизни бузган бу курашда ожиз қолган эдик, ушбу баракотли ойдаги саъй-ҳаракатларимиздан асосий кўзланган мақсадни унутиб қўймайлик. Рамазондан олинган самаранинг йўқолишига имкон бермайлик. Шунингдек, тутган рўзамиздан ҳосил бўлган натижани қўлдан бой бериб қўймайлик.

Башариятни рўза тутишга буюрар экан, Aллоҳи таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз» (Бақара сураси, 183-оят).

Ҳаётдаги асл мақсадимизни амалга ошириш учун муҳими Aллоҳни танишдир. Аллоҳдан қўрқиш ҳақ йўлда собитқадам бўлишимиз учун курашда бизга куч-қувват бағишлайди. Aгар тақво қувватимиз бўлса, Рамазон бизнинг шахсий мураббийимизга айланади.

Рамазон ойи давомида Aллоҳга бўлган қўрқувимиз сабаб асосий моддий эҳтиёжлар (ейиш ва ичиш)дан ўзимизни тия олган бўлсак, ўша қўрқув туфайли Рамазондан кейин ҳам ҳаром ишлардан тийилишга қурбимиз етмайдими? Рўза тутган вақтимиз ҳеч биримиз бир стакан сувнинг ёнига яширинча яқинлашишга журъат қилолмаймиз. Рамазонда ўша ичимликка яширинча яқинлашишимизни кўриб турадиган ўша Робб бу ойдан кейин ҳам бизни ҳаромга қўл урганимизни кўради-ку.

Рамазон ойида танамизни озиқлантириш учун саҳарда уйғонар эдик. Aммо Рамазондан кейин бомдод маҳали ухлаб ётамиз ва руҳимизни тирик қолиши учун муҳим бўлган эҳтиёждан мосуво қиламиз. Шайтон бизни мағлуб этишига изн бермайлик. Тўғри, у бизни бирор нимага ундаши мумкин, бироқ унинг қўлидан фақат чиройли кўрсатиш келади, холос. Ихтиёр ва имкон доим ўзимизнинг қўлимизда. Aллоҳ таоло Қуръонда бизга айтади:

«Иш битиб бўлганда шайтон: «Aлбатта, Aллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим. Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз. Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг. Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар. Энди, мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан. Aлбатта, золимларга, ҳа, уларга аламли азоб бор», деди» (Иброҳим сураси, 22-оят).

Баъзилар шайтон уларнинг устидан ҳукмронлик қилишига қўйиб беришади. Аммо шайтоннинг ҳеч кимнинг устидан ҳукмронлик қилолмайди. Аллоҳ таоло шайтонга қарата хитоб қилди:

«Aлбатта, менинг бандаларим устида сенинг султонинг йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳларгина бордир» (Ҳижр сураси, 42-оят).

Биз ҳам қандай қилиб шайтонга тобе бўлмайдиган Aллоҳнинг бандалари қаторидан жой олишимиз мумкин? Қандай қилиб Рамазон шукуҳини бутун йил бўйи, борингки, умримиз давомида сақлаб қола оламиз?


Қуйида бу борада бир қанча йўлларни санаб ўтаман:


1. Намозингизни муҳофаза қилинг.

Рамазон ойида аксариятимиз намоз ибодатларини вақтида, кўпинча масжидда адо этишга ҳаракат қиламиз. Намозингизни муҳофаза қилишда бардавом бўлинг, чунки у, албатта, сизни ҳимоя қилади. Aллоҳ таоло Ўзининг Каломида марҳамат қилади:

«...Aлбатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Aлбатта, Aллоҳнинг зикри буюк ишдир. Aллоҳ нима қилсангиз, билур» (Aнкабут сураси, 45-оят).


2. Қуръонга яқинлашиб, Aллоҳни зикр қилинг.

Рамазон ойида аксариятимиз кундузи ва кечаларни Қуръон тиловат билан ўтказдик. Қуръон ўқиб, Aллоҳни зикр қилиш сизни шайтондан ҳимоялайди ва қалбни сайқаллаб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Ҳар бир нарсанинг зангини кетказувчи восита бор. Қалбнинг занги Аллоҳнинг зикри билан сайқалланади» (Имом Бухорий ривояти).

Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни кўпроқ тиловат қилинг. Чунки Қиёмат куни Қуръон эгасига шафоатчи бўлиб келади» деганлар (Имом Муслим ривояти).


3. Кўп ўйлаб, оз гапиринг.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Баъзида инсон Aллоҳга хуш келадиган сўзни гапиради, бунинг эвазига Aллоҳ унинг мартабасини кўтаради ва баъзида бир инсон Aллоҳнинг ғазабини келтирадиган сўзни айтиб қўяди ва бу уни дўзахга олиб боради» (Имом Бухорий ривояти).

Солиҳ салафлардан Иброҳим Нахаий бундай деган:

«Мулоҳаза қилиб кўрган киши ҳар бир йиғилишнинг энг олийжаноб ва энг обрўлиси сукут сақлаган киши эканини билиб олади, чунки сукут олимни кўркам қилади ва жоҳилларнинг айбини яширади».


4. Кўп истиғфор айтинг. Кўпчилигимиз Рамазон ойи давомида Aллоҳга истиғфор айтамиз, бироқ бу ибодатни Рамазон тугаши билан тарк этамиз. Шуни ёдингизда сақлангки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кунига 100 маротаба истиғфор айтганлар. Истиғфор айтиш қалбимизни пок ва уни Aллоҳга боғланган ҳолда сақлайди.

Яқин ҳамкасбларимдан бири Рамазон тугагач, ўзини худди яқин инсонини йўқотгандай ҳис қилишини айтганди. Бу айни ҳақиқат. Аммо у ўтиб кетгач, унинг ғаниматлигини сезганимизда ҳам бир ҳикмат борлигини унутмайлик.

Флюра Умурзоқова таржимаси

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон ва Покистон зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиради

22.10.2026   7872   2 min.
Ўзбекистон ва Покистон зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиради

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари, Туризм қўмитаси вакиллари ва мамлакатимизнинг Покистондаги зиёрат туризми элчиси Шайх Муҳаммад Ҳассан Ҳасиб ур-Реҳман ўртасида видеоконференция шаклида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Унда Ўзбекистоннинг бой маданий-маърифий ва тарихий мероси, муқаддас қадамжолари ҳамда зиёрат туризми имкониятларини Покистонда кенг тарғиб қилиш, ушбу йўналишда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги улкан салоҳиятини Покистон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб этиш, покистонлик сайёҳлар ва зиёратчиларнинг юртимиздаги муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар ва диққатга сазовор туристик масканлар ҳақидаги хабардорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Ўзбекистон асрлар давомида ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида эътироф этилиб келган, – деди Шайх Муҳаммад Ҳассан Ҳасиб ур-Реҳман. – Мамлакатингиз ҳудудида жойлашган буюк алломалар, азиз-авлиёлар ва ислом оламида юксак ҳурматга сазовор мутафаккирлар номи билан боғлиқ қадамжолар хорижлик зиёратчилар, шу жумладан покистонликлар учун катта маънавий ва тарихий аҳамиятга эга. Айниқса, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг бой диний-маърифий мероси Ўзбекистоннинг халқаро зиёрат туризмидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратади.

Учрашувда Покистон уламолари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Мазкур ташриф икки мамлакат диний-маърифий доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва Ўзбекистон зиёрат туризми имкониятларини Покистонда янада кенг танитишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, ташриф доирасида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиш, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига  сафарларни ташкил қилиш бўйича келгусидаги режалар кўриб чиқилди.

Покистон томони Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва ғояси асосида Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази ва қайта реконструкция қилинган Имом Бухорий мажмуасини покистонлик уламолар кўришга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Шунингдек, мазкур ноёб мажмуалар тўғрисидаги махсус видеоматериалларни тайёрлаш ва уларни Покистонда тарқатишга қизиш билдирилди. 

Таъкидланишича, мазкур ташаббуслар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаб, халқларимиз ўртасидаги маънавий-маданий алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизга ташриф буюрувчи покистонлик зиёратчилар оқимини оширишга хизмат қилади.

Бўлиб ўтган онлайн учрашув якунида иштирокчилар ушбу йўналишдаги мулоқотни дипломатик каналлар орқали давом эттиришга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари