Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 2 март куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган диний савол, ҳаж-умра, оилавий муаммо ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Биргина кишининг маънавий ва моддий эҳтиёжлари таъминланишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шоду хуррам бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Шу йил 5 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, ЎзМИ масъул ходимлари, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, 2024 йилда ҳажга борган ҳожи ота ва ҳожи оналар иштирок этдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Чилонзор туманидаги "Катта Қозиработ" маҳалласига ташриф буюриб у ердаги бир қанча хонадонларга кириб хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
* * *
Пешин намозидан сўнг тадбир иштирокчилари яна «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» масжидига йиғилиб, амалга оширилган ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Хайрли дуолар билан ташриф ўз ниҳоясига етди.
@MuslimShosh