Бир ўсмир йигит бекатда ўтирган отахоннинг олдига келиб, “Ассалому алайкум отахон, мени эслай оласизми?” деб сўради. Отахон: “Йўқ, эслай олмадим, биз танишмизми?” деб жавоб қилди. Бир неча ой аввал шу бекатга келган автобусга бирга чиққандик.
Суҳбат жараёнида сиз Аллоҳга ишонишингизни айтдингиз. Мен сизга қўполлик қилиб, устингиздан кулдим. Кейин бу ишимдан уялдим, аммо сиздан кечирим сўрамадим.
Отахон жим бўлиб қолди. Ўсмир йигит гапида давом этди: “Ўша куни кечаси отам оламдан ўтиб қолди. Ҳаётим ўзгариб кетди. Қуръон ўқишни ўргандим. Энди эса, Аллоҳ яна сизга дуч қилиб, фурсат берди. Ўшанда қилиғимдан ранжиган бўлсангиз-да, ёмон гапирмадингиз. Ҳозир сиздан узр сўрамоқчиман”.
Отахон унга табассум билан қаради: “Биласанми, ўша куни ҳаққингга Аллоҳдан ҳидоят сўраган эдим. Ҳечам ёмон тилак қилмагандим. Балки ўша куни ҳаққингга қилган дуоим ижобат бўлгандир”, деди.
Хулоса шуки, кимдир сизни хафа қилса бирданига уни дуоибад қилманг. Балки мазлумнинг дуоси қабул бўладиган дамларда Аллоҳдан унга ҳидоят, ҳуснихулқ сўранг. Зеро, қўлларимизни дуога очар эканмиз, тилагимизнинг баракаси, албатта, ўзимизга ҳам тегади. Аллоҳ таоло Каломида шундай марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур” (Анъом сураси, 160-оят).
Акбаршоҳ Расулов
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати