Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Октябр, 2026   |   4 Жумадул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:16
Қуёш
06:34
Пешин
12:09
Аср
15:59
Шом
17:47
Хуфтон
19:01
Bismillah
15 Октябр, 2026, 4 Жумадул аввал, 1448

Алвидо тушкунлик!

04.04.2025   14263   4 min.
Алвидо тушкунлик!

Стресс – чўчиш, хавфсираш каби ҳолатлар билан кечадиган руҳий ҳолат. Ҳар бир одам бундай ҳолатларни бошдан ўтказади. Гоҳида ишдаги муаммолар, гоҳида оилавий келишмовчиликлар ё бирор фарзандимизнинг бетоблиги ё моддий қийинчилик руҳий ҳолатимизга таъсир қилади.

Стресс хавотирланиш ёки бирор ишга аралашиб қолиш ё бўлмаса ички кураш натижасида пайдо бўлади. Хусусан, бу каби ҳолатлар мактаб ёшида болаликдан ўспиринликка қадам қўйиш, кексалик ёшига етиш ёки 45–50 ёшдан ошган аёлларда климакс каби умрнинг турли босқичларига ўтиш пайтларида кучаяди. Бундай пайтда кўпинча ланж бўлиб, ҳеч нима ёқмай қолиши кузатилади. Вақт ўтиб бу каби ҳолатлар ўтиб кетади. Бироқ сурункали тус олса, бундай ёқимсиз ҳолат узоқ давом этиши мумкин.

 Тушкунликнинг кўринишлари сифатида қуйидагиларни санаб ўтамиз:

– Кишининг ўз вазифаси ёки амалига нисбатан тушкунлиги.

– Бемор одамнинг касаллик сабаб стрессга тушиши.

– Она фарзанди келадиган вақтидан кечиккандаги хавотири.

– Топширилган имтиҳон натижаси ҳақида қайғуриш.

– Оилавий келишмовчиликлар, ажралишлар.

Бундан бошқа яна кўплаб ҳолларда ҳам инсон тушкунлик, стрессни бошидан ўтказиши мумкин.

Кўп ҳолларда стрессга тушган кишилар ўзларида хотиржамликни ҳис қилишмаётганидан нолишади, шунинг­дек, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилгани ва қориндаги оғриқлар ёки хафақон[1], тез-тез ҳожатталаб бўлиш, совқотиш, қизиш, жавдираш ёки жинсий ҳаётнинг издан чиқиши кабилардан ҳам арз қилишади. Баъзилар арзимаган нарсага ҳам тушкунликка тушадилар ва уларни ғам-алам, доимий шикоят қуршаб олади. Натижада эса бундай кишиларнинг кунлари безовталик, тушкунлик ва ғамгинликда ўтади.

 Агарда сиз стресс, тушкунликдан қутулмоқчи бўлсангиз, нафсингизга бир назар солинг. Бундай ҳолатлардан қутулишингизга ёрдам берадиган баъзи тавсияларни тақдим этамиз:

Келажак борасида базовталанманг, ризқнинг камлигидан хавфсираманг. Зеро, ризқ берувчи Аллоҳ. «Осмонда эса, сизларнинг ризқларингиз (яъни, Ерда мўл ҳосил бўлишига сабаб бўлгувчи ёмғир) ва сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни, жаннат) бордир»[2].

Ўтган ишларни ҳадеб ўйлайверманг, йўқотганларингизга ачинманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Сенга бирор иш етса, “агарда бунақа қилганимда, фалондақа бўларди”, демагин. Аксинча, “Аллоҳ тақдирни битиб қўйган, Ўзи хоҳлагани бўлди”, дегин. Зеро, “агарда” калимаси шайтоннинг ишига йўл очади”[3], дея марҳамат қилганлар.

Аллоҳ тақдирингизга, пешонангизга нимани битган бўлса, барчасига рози бўлинг. Мўмин банда ҳаёт синовларидан чўчимайди. Зеро, мўминнинг барча ишлари яхшиликдан иборатдир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мўминнинг иши ажр, унинг ҳамма иши ўзи учун хайрдир. Бунақаси фақат мўмин учундир. Унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бу унга хайр бўлади. Агар бошига ёмон иш тушса, сабр қилади ва бу ҳам у учун яхшилик бўлади”[4].

 Аллоҳ таолонинг неъматларига эътиборли бўлинг ва шукр қилинг. Зеро, Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 34-
оятида: «...Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсиз...» , дейди.

Ўз ўрнида бошқаларга ҳам эътиборли бўлинг, худбин бўлманг. Ҳар куни бирор-бир инсоннинг табассумига сабаб бўладиган яхшилик қилинг.

Сарвари коинот айтадилар: “Амаллар орасида энг яхшиси – мўмин биродарингнинг (қалби)га хурсандчилик олиб киришинг ёки унинг қарзини тўлаб қўйишинг ёки уни нон билан бўлса ҳам таомлантиришингдир”.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” 
номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Юракнинг тез уриб кетиши.
[2]  Зориёт  сураси, 22-оят.
[3]  Имом Муслим ривояти.
[4]  Имом Муслим ривояти.

 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

15.10.2026   18091   1 min.
“Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишларини Саудия Арабистони мутасадди идоралари вакиллари билан муҳокама қилдилар.

Учрашувда ар-Рифода ҳаж хизматлари муассасаси вакиллари Носир бин Абдуллоҳ Саружий, Фуод бин Абдулазиз Факираҳ, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ҳамда Диний идора ҳузуридаги “Ҳаж ва Умра” маркази раҳбари Мақсуд Каримов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Мулоқот аввалида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг кўп қиррали муносабатлари натижасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчилари учун кўрсатилаётган хизматлар савияси юксак даражага кўтарилганини эътироф этдилар.

Музокаралар чоғида Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳожиларга муносиб хизмат кўрсатиш, улар учун зарур шароитларни яратиш батафсил муҳокама этилди. Жумладан, ҳожилар учун муборак масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт ва озиқ-овқат таъминотини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига ҳаж зиёратчиларига хизмат кўрсатиш, уларга муносиб ва шинам шароитлар яратиш ҳамда ташкилий ишларини янада кучайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Бу ишлар замирида эса битта улуғ мақсад —  ҳар бир ҳожига муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, ибодатни энг қулай ва руҳий осудаликда адо этиш имконияти ётади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари