Бугунги кунда ёшларнинг турли мафкуравий таъсирлар нишонига айланиши ва турли оқимларга кириб қолишларининг асосий сабаблари: диний илмларни ўрганиш учун муносиб устоз танламаслик, ишонувчанлик, айрим ҳолларда қайсарлик ва шон-шуҳратга тез эга бўлишга ҳаракат қилишларидир. Бу омиллардан эса бузғунчи ғояларнинг тарафдорлари унумли фойдаланиб қолмоқдалар.
Муқаддас динимиз шунинг учун ҳам фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий таълим-тарбиясига кучли аҳамият беришга ундайди. Хусусан, Қуръони каримда мингдан ортиқ оятлар одоб-аҳлоқ, тарбия ва илмга алоқадорлиги инсонни баркамолликка етаклайдиган мезон бўлса, фарзанд тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши динимизни нақадар мукаммал эканлигини кўрсатиб беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг” (“Таҳрим” сураси 6-оят).
Инсон ўзи, аҳли аёли ва фарзандларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бу сақлаш аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати оловга олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан.
Шунингдек, баъзи оилаларда фарзандларининг телевизор ёки телефонлардан қандай фойдаланаётганига аҳамият қаратмайдилар. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак! Бу ишлари эса – аҳлини, оятда айтилганидек, дўзахдан сақлаш эмас, балки дўзахга рўбарў қилишдир!
Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан янада жиддийроқ шуғулланишга ундайди ва туртки бўлиши керак. Тарихда эса мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар.
Ота-оналар фарзандларининг бу каби ҳолатларидан бехабарликлари ёки кўз юмишлари асло тўғри келмайди!
Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, имон калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлардан жиддий эҳтиёт бўлиш каби зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Киши фарзандига одоб бериши – бир соъ эҳсон қилишидан афзалдир” (Имом Термизий ривоятлари). (Бир соъ – тақрибан 4 килограммдир).
Фарзандларга илм бериш борасида эса Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
“Билмаганга илм ўргатиш – садақадир”.
Фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳам – ота-онанинг бурчидир! Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади.
Бу борада ҳазрати Умар ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Имон-эътиқодли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин! У муҳтожлигингда – ёрдамчинг, қийин кунларингда – қўлловчинг, маъюслигингда – қувончинг, хотиржамлигингда – зийнатинг бўлади”.
Ислом тарихига назар солсак, дастлаб Пайғамбаримиз алайҳиссалом тазйиққа учраган мусулмонларни икки марта Ҳабашистонга жўнатдилар. Кейинчалик Аллоҳ таолонинг буйруғи билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошчилигида саҳобалар Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлари маълумдир. Мана шу ҳижрат динимиздаги улуғ ҳодиса сифатида қамарий йил ҳисобининг бошланиш санаси сифатида танланган.
Мазкур ҳижратларда мусулмонлар ўз яшаб турган ерларидан бошқа юртларга кўчиб кетишга жонлари, эътиқодлари ва мол-мулкларига нисбатан хатарнинг ўта кучайганлиги оқибатида содир бўлган. Абу Усмон Мужошиъ ибн Масъуд ривоят қилган ҳадиси ширифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ” (Имом Бухорий ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллманинг ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, – деди. У Зот алайҳиссалом эса: “Ота-онангиз олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсангиз, шундай кулдиринг”, – деб жавоб бердилар (Имом Насоий ривоятлари).
Шунингдек, айрим кимсалар томонидан мақсадли равишда ислом моҳиятига зид бўлган турли хил асоссиз ахборотлар, манбаси аниқ бўлмаган диний хабарлар ёки кишиларни ваҳимага солувчи фото ва видеолавҳалар кенг тарғиб этилмоқда. Баъзи ёшларнинг бу каби динимизга зид бўлган хабарлар, аниқ манбаси кўрсатилмаган маълумотларга ишониб қолишаётгани биз – мусулмонларни ташвишлантирмоқда.
Маълумки, динимизда ҳам нақл қилинган бирор хабарга ишонишдан аввал уни текшириб, аниқлаб олиш талаб этилади. Бу борада Қуръони каримда шундай дейилади:
“Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз! (Ҳужурот сураси 6-оят).
Демак, ҳар бир олинган маълумотни текшириб, асосли ёки асоссиз эканини аниқламай туриб, ўша маълумотга қараб иш тутиш, ислом моҳиятига кўра, шайтон йўлига кириш ҳамда ёлғончи бўлиб қолиш билан баробар бўлади.
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ
27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.
Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.
Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.
Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.
Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.
Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати