Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи ходими Нигора Мирзаевага падари бузруквори Мамасаидов Абдумухтор отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига тайёргарлик ишларини Саудия Арабистони мутасадди идоралари вакиллари билан муҳокама қилдилар.
Учрашувда ар-Рифода ҳаж хизматлари муассасаси вакиллари Носир бин Абдуллоҳ Саружий, Фуод бин Абдулазиз Факираҳ, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ҳамда Диний идора ҳузуридаги “Ҳаж ва Умра” маркази раҳбари Мақсуд Каримов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Мулоқот аввалида томонлар икки мамлакат раҳбарларининг кўп қиррали муносабатлари натижасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга олиб чиқилгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчилари учун кўрсатилаётган хизматлар савияси юксак даражага кўтарилганини эътироф этдилар.
Музокаралар чоғида Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ҳожиларга муносиб хизмат кўрсатиш, улар учун зарур шароитларни яратиш батафсил муҳокама этилди. Жумладан, ҳожилар учун муборак масканларда шинам чодирлар ташкил этиш, транспорт ва озиқ-овқат таъминотини янада такомиллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Ҳаж – 2027” мавсумига ҳаж зиёратчиларига хизмат кўрсатиш, уларга муносиб ва шинам шароитлар яратиш ҳамда ташкилий ишларини янада кучайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Бу ишлар замирида эса битта улуғ мақсад — ҳар бир ҳожига муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатиш, ибодатни энг қулай ва руҳий осудаликда адо этиш имконияти ётади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати