"Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром
кўрсатиш халқимизга хос олижаноб
қадрият ҳисобланади"
Ш.Мирзиёев.
Мустақил Ўзбекистонимиз аёллар нуфузини кўтарган юрт эканлигидан фахрланамиз. Аёлларни ҳар жабҳада кўтариш, юқори даражада эътибор бериш кўзга ташланади. Дунёда шундай бир зот борки, уни хар куни эъзозласак ҳам, дилларини ҳушнуд қилишга урунсак ҳам унинг ҳаққини адо эта олмаймиз. Бу мўътабар зот- онадир. Она, аёл- меҳрибонлик тимсоли. Унга яхшилик қилиш эса дунёда бахт, охиратда саодатга эришиш сабабларидандир.
Ислом динида аёллар масаласига алоҳида эътибор берилган бўлиб, уларнинг оилада, жамиятда ва умуман, ҳаётда муносиб ўринга эга эканлари баён қилинган. Ушбу юксак эътиборни Қуръони каримдаги бир нечта суранинг аёлларга бағишлангани, уларда аёллар масаласи кўтарилгани, аёлларнинг номи билан номланганида ҳам кўриш мумкин.
Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланиб, аёл кишига латофатли хилқат, ибо ва хаё тимсоли сифатида қаралиб, уни химоя қилиш, асраб авайлаш лозим эканлиги уқтирилади ва бу вазифа эркакларнинг зиммасига юкланади. Қиз ота кафтида, аёл эр бағрида ва оналар фарзандлар боши узра кўтарилиб, қадрланиши буюрилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув хажида хутба қилиб, унда ўта муҳим масалаларни баён қилдилар. Жумладан, эркакларни ўз аёлларига нисбатан яхши муомалада бўлишга буюрдилар. Хадисларнинг бирида эса: “Мўминларнинг энг имони комили гўзал хуқлисидур. Сизлининг энг яхшингиз аёлига яхши муомалада бўлганингиздир”. деганлар.
Ислом дини эркаклар билан бир қаторда аёлларни хам илму маърифатли бўлишга тарғиб этади. Қуръни каримнинг умумий маънода келган оятлари эркака ва аёлларга бирдек тааллуқли бўлгани жихатидан: “Эй Роббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тохо, 114) оятидан аёллар хам илмларини ошириш йўлида саъй-харакат қилмоқлари лозим экани келиб чиқади. Зотан, Пайғамбаримиз (алайхиссалом) илм талаб қилиш хар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз эканини таъкидлаб ўтганлар.
Ўз юртимиз тарихига ҳам назар солсак, Нодира, Увайсий, Анбар отин, Бибихоним каби ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда илғор бўлган аёлларнинг номларини санаб ўтиш мумкин.
Ёки самарқандлик олима Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийни олайлик. У аёл фақиҳалардан бири бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “уламолар подшоси” деб лақаб олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи эди. Олима Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. У отасидан ҳадис ва фиқҳдан таълим олган. Отасининг машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.
Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳнамолигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун турли кўз касалликларини аниқлаб, давосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тофжолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибаларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Саййида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.
Ҳозирда аёллар фақат уйда ўтиришлари керак, илм олмасалар ҳам бўлади, уй юмушларини қилиб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, дейдиганларга қарата Ислом мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишни тарғиб қилади, деб баралла айта оламиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”, деб марҳамат қилганлар.
Шунингдек, уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби тенг ҳуқуқли эканларига ижмо қилишган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қилган барча ишлари, муаммо-ю юриш-туришларини нақл қилишда у зоти шарифнинг покиза аёлларининг ҳиссалари кўп эканини биламиз. Набий алайҳиссаломнинг аёлларидан кўплари шариат аҳкомларини ўргатувчи устоз, Қуръон ёд олган қория, ҳадисларини етказувчи муҳаддиса ва фақиҳа бўлиб, ўткир қобилиятлари, нодир заковатлари билан машҳур бўлганлар. Хусусан, Ойша онамиз мерос масаласида математикани пухта билганлари боис ҳаттоки баъзи машҳур саҳобалар ҳам мерос тақсимлашда улардан маслаҳат сўрар эдилар. Ислом келгунига қадар каср сон ҳақида кишиларда тушунча бўлмаган. Қуръони каримда мерос масаласида келган ҳукмларни эса Ойша онамиздек пухта биладиган ва тақсим қилиб берадиган фақиҳа бўлмаган.
Баъзи ота-оналар қизларини кўчага чиқармай, ҳеч қаерда ўқитмай, жойи чиқса, тезроқ турмушга бериш ҳақида ўйлашади. Модомики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза аёллари, муборак оналаримиз аёлларга илм ўргатиш, шариат ҳукмларини етказишда Расули акрам ёнларида туриб, у зотга кўмакдош ва маслакдош бўлганлар.
Ислом дини аёл-қизларни улуғлаб қўйган, улар илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашда етарлича ҳақ-ҳуқуққа эгалар
Бу дунёда иззат охиратда шараф бўлган илмни аёл-қизларимизга ўргатиб, келажакда ватанимиз равнавқи йўлида хизмат қиладиган, буюк аждодларимизга хос ва мос авлодлардан бўлишларини Яратгандан сўраб қоламиз.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл туман Имом Султон жоме масжиди Имом хатиби
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси