Илм – инсониятни зулматдан нурга элтувчи бебаҳо неъмат. Толиби илмнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабаси ҳар қандай бойлик ва дунёвий неъматлардан юксак экани шубҳасиз. Ушбу сатрларни ёзишдан мақсад илмнинг қадрини баён қилиш эмас, балки юрагимни ларзага келтирган бир ҳақиқатни сиз билан ўртоқлашишдир.
Мадрасани битирган икки дўстим бор – ҳар жиҳатдан солиҳ, тақводор, ихлос билан илм талаб қилган йигитлар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшларни никоҳга тарғиб қилган ҳадисларига лаббай деб, ҳаётдаги энг гўзал қадам – оилавий ҳаёт сари интилишди.
Ўзларига муносиб турмуш ўртоқ излашга киришганларида, мен ичимда шундай ўйладим: “Ким ўз қизига мана шундай фазилатли йигитни орзу қилмайди? Ким солиҳ йигитга йўқ дея олади?”.
Лекин ҳаётнинг мезонлари бошқача экан.
Қизнинг ота-оналари аввало йигитнинг қалбини, имонини, тақвосини эмас, балки унинг моддий имкониятларини ўлчай бошлашди: “Талаба йигит экан, қизимни қандай боқади? Қаерда яшайди? Машинаси борми?”.
Ҳа, бу дунё синов билан тўла… Фарзандининг тўкин ҳаётда яшашини истаган ота-онани ҳам тушунса бўлади, аммо улар ризқни берувчи Аллоҳ эканлигини унутишди. Улар толиби илм – дунёдаги энг афзал инсонлардан саналишини эсдан чиқардилар.
Бу синовдан қалблари эзилган дўстларимга далда бўлиш учун шуни айтмоқчиман: “Сизлар рад этилмадингиз, Аллоҳ сизларга ҳали зоҳир бўлмаган бебаҳо маржонларини тайёрлаб қўйган. Балки сизлар учун бу кечикиш – Аллоҳнинг раҳмати, ҳаётингизга энг муносиб, энг гўзал инсонни олиб келиш учун битилган тақдир йўлидир. Унутманг, дунё синов, аммо ҳар бир синов ортида бир ҳикмат бор”.
Фотиҳ МУРРИ
Ёш болага нисбатан зўравонликка асло тоқат қилиб бўлмайди, жазо эса муқаррар ва муросасиз бўлиши шарт. Ўзбекистон Президенти бирданига 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади.
Болага зулм қилган, унга жисмоний ёки руҳий азоб берган ҳар бир кимса — у хоҳ таълим муассасаси ходими бўлсин, хоҳ яқин қариндоши — жавобгарликка тортилади. Боланинг ўлимига сабаб бўлган жиноятлар учун берилган жазо асло енгиллаштирилмайди.
Бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатида чеклов бўлмайди.
Ёш боланинг хавфсизлиги шарт-шароит ёки вазиятларга боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Болалар ҳаёти, соғлиғи, ор-номусига тажовуз қилган ҳар қандай кимса қатъий жазодан қочиб қутула олмаслигини билиши шарт.