Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 9 апрель куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра, ишга жойлашиш, ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Озарбайжон сафари давомида Туркий давлатлар муфтийлари ва анжуман иштирокчилари Боку, Фузулий, Ағдам, Шуша сингари шаҳарлардаги муборак қадамжоларни зиёрат қилишди. Хусусан, Боку шаҳридаги Саййид Яҳё Бакувий зиёратгоҳи ва "Шаҳидлар хиёбони"да бўлдилар.
Ташкилотчилар илтимосига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ағдам шаҳридаги тарихий “Жума” масжидида турли давлатлардан келган муфтийлар, уламолар ва мартабали меҳмонларга пешин намозида имомлик қилиб бердилар.
Зиёратлар асносида уламолар томонидан Қуръони карим оятлари ўқилиб, қардош эллар тинчлиги, барқарорлиги ва бирдамлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати